Журналистни қўрқитган собиқ милиционерга жиноий иш қўзғалди

138

Бишкекнинг Октябрь туман ИИБи журналист Александра Лини қўрқитган милициянинг собиқ подполковнигига жиноият иши қўзғади. Аввалроқ журналист қўшниси милициянинг собиқ хизматчиси эканини, уни миллатига қараб камситиб қўрқитганини айтиб берган.

Милициянинг маълумотига кўра, Александра Лининг аризаси билан ҳуқуқни ҳимоя қилиш органи ходимлари терговгача текширувни бошлаб, суд-лингвистик экспертиза тайинлашган. Экспертизанинг хулосаси бўйича Октябрь туман ИИБи «Ирқий, этнос, миллий, диний ёки ҳудудлараро низони (аразлашувни) қўзғатиш» моддаси билан жиноят иши қўзғади.

Журналист «Клооп»га милиция жиноят иши қўзғашига 2023-йилнинг 23-февралида айтган камситиш ва қўрқитиши сабаб бўлганини айтиб берди. Лининг айтишича, қўшниси уни қўрқитибгина қолмаган. 30-мартда у аёли билан журналистга ва унинг аёлига ҳужум қилишган. Улар журналистнинг юз-қўлини тирнаб, икки телефонини тортиб олишган. Журналист бу иш бўйича ҳам милицияга ариза берганини қўшимча қилди.

«Биз 31-мартда тиббий экспертизадан ўтдик. Қўшнимнинг аёли мени юз-қўлимни тирнаб, икки телефонимни тортиб олди, унинг бирига мен бўлаётган воқеаларни тасвирга олгандим. Улар телефонни ичидагиларни ҳаммасини тозалаб, бир неча соатдан кейин милицияга олиб бориб беришибди», — дейди Александра Ли «Клооп»га.

Бу воқеа бўйича унинг қўшнилари ҳам милицияга ариза ёзиб, ҳужумда Александра Лини айблашган.

Ли шу қўшниси бундан бир йил олдин ҳам уни камситиб, унга тупуриб, машинасини ёқиб юборишини айтиб қўрқитганини билдирган. Ли ўша вақтда милиция ишни «эрта ими-жими қилиб» қўйганини таъкидлаган.

Жабрланувчининг қўшниси «Клооп»га милиционерларнинг олдида Александра Лининг телефонини тортиб олмаганини айтди. У бу можаронинг ҳаммаси Александра Ли унинг машинасини чизиб кетиб, уни тўлаб бермаганидан бошланганини билдирди. Бироқ у унинг машинасини фақат Алексадра Ли чизиб кетганини тасдиқловчи бирорта далил кўрсатмаган.