Бир иқтибос билан: Президент сайловга аралашмасликка ваъда қилди

170

Президент Садир Жапаров ҳукумат «ифлос» сайловларга йўл бермаслигини билдирди, сабаби унинг фикрича, олдинги сайловлар уч марта тўнтарилишига олиб келган. Бу ҳақда давлат раҳбари «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида билдирди. Президент бу ваъдасини Бишкекнинг Ленин бир мандатли округида 28-майга белгиланган сайловга изоҳ бераётиб айтди.

Жапаров бирорта ҳам номзодни қабул қилмаслигини, бироқ бари рўйхатдан ўтгандан кейин МСК билан биргаликда уларнинг ҳаммасини йиғиб, йиғилиш ўтказиш нияти борлигини таъкидлади.

«Ҳа, олдин шундай бўлган. Президентнинг фотиҳасини олмагунча сайловга қатнашишмасди. Энди қандай сайлов бўлмасин, президент ва бошқа ҳукумат вакиллари аралашмайди. Кимнидир етаклашга йўл бермаймиз. Биз шунчаки арбитр бўламиз», — деди у.

Президент бунга қадар парламент сайловига ҳам аралашмаганини, бирорта ҳам округнинг сайловига аралашмаслигини айтди.

Жапаров энди сайловга аралашишга йўл ҳам, асос ҳам берилмаслигини, «халқнинг овозини сотиб оламан деган бой номзодлар бу фикрдан ҳозир қайтиши кераклигини» айтиб, сўзини якунлади.

Ленин округи бўйича бунгача шу округдан сайланган депутат Жанибек Абиров 27-мартда мандатини ихтиёрий равишда топширгани сабаб, қайта сайлов ўтказишга тўғри келган. МСК унинг аризасини ўша куни қабул қилган.

Абиров муштлашув воқеасидан кейин мандатини топширишга мажбур бўлган. У Жогорку Кенешнинг комиссияси уни муштлашувга қатнашгани учун жавобгарликка тортиш ёки тортмаслик бўйича қарорини чиқаргунча мандатдан бош тортган. Абиров воқеани таҳлил қилиб, кейин шу қарорга келганини ёзган.