Ўш: Кўчада рамазон айтган болаларнинг ота-оналарига жарима солинди

136

Ўшда кечаси рамазон айтиб юрган ўсмирларнинг ота-оналарига жарима солинди. Бу ҳақда Ўш шаҳар ИИБи 4-апрелда билдирди.

Милициядан Рамазон ойи келиши билан «рамазонни баҳона қилиб, тиланчилик қилганлар кўпайиб кетади» деб билдиришди.

«Айрим замондошларимиз бу ойдаги одамларнинг хайрия ишларидан фойдаланиб, рамазонни пул олиш йўлига айлантириб келишади. Асосан, ота-оналари томонидан тегишли назорат йўқ ёш болалар кечаси тунда жамоат овқатланиш жойларига бориб, рамазонни баҳона қилиб, садақа сўрашга ўтишмоқда. Бундан ташқари, тўхтаган машина томон югуриб, пул сўраган ҳолатлар учрамоқда», — деб билдиришди милициядан.

Шу сабаб шаҳар ИИБнинг ходимлари рейд ўтказиб, рамазон айтган 14 бола аниқланган. Бундан ташқари, тунда қаровсиз юрган 116 ўсмир ушланиб, унинг 53 нафари Ўш болалар реабилитация марказига олиб борилган.

Рамазон айтган 14 боланинг ота-онасига қаровсиз қолдиргани учун жарима солинган.

Ўш шаҳар ИИБ ота-оналарга болаларни қаровсиз қолдирмаслини айтиб, уларга рамазон ҳақида тўғри тушунча беришни сўради.