«Журналистлар нотўғри таҳлил қилишган». Ногойбаев ўсмир қизлар ҳақидаги сўзига узр сўради узр сўради

Бишкек шаҳар ИИБнинг бошчиси Азамат Ногойбаев 3-апрелда, унинг истеъфосини талаб қилган митингни ёритишга борган журналистлар олдида маълумот берди. Митингга йиғилганлар Ногойбаев уларнинг олдига чиқишини талаб қилишган, лекин шаҳар ИИБнинг етакчиси уларни мажлислар залига чақирган.

Бишкек шаҳар ИИБнинг бошчиси Азамат Ногойбаев, жонли эфирдан скриншот.

Ногойбаев журналистларнинг олдидаги баёнотида, «нима деганини англаб турганини, бунинг учун жавобгар эканини» билдирди ва журналистлар унинг сўзларини нотўғри таҳлил қилишган деб ҳисоблайди.

«Вояга етмаганларни айбламоқчи бўлмадим. Вояга етмаганлар уйдан чиқиб кетганида қидирувда юриши, зўравонликка учраши, жинсий алоқада бўлаётган фактлар борлигини етказмоқчи бўлдим. Шу сабаб бундай жиноятлар бўляпти. [...] Мен сизлардан менинг сўзларимни ўзгартирмасликка, нотўғри таҳлил қилмасликка, жамоатчиликни адаштирмасликка чақирмоқчиман», — деб билдирди Ногойбаев.

Ногойбаев ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларида ишлаётганига 20 йилдан ошганини ва «ҳеч қачон вояга етмаганларни жиноят қилишда айблаб, жиноятларни яширмаслигини» билдирди.

«Агар менинг сўзларимда хатолик кетган бўлса, мени кечирасизлар», — деди у.

Журналистларнинг Ногойбаев билан учрашувига қатнашган «Қилим Шами» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг бошчиси Гулшайир Абдирасулова милиция бошчиси бунгача ўзининг айтган сўзлари билан «зўравонликка йўл очиб қўйганини» билдирди. Бугунги кунда шундай билдирувлар бўлса зўравонликни тўхтатиш қийин бўлиб қолади деб ҳисоблайди у.

«Сиз энди факт бўлиб қолди, зўравонликдан жабрланганлар ўзлари [зўравон билан жинсий алоқада бўлишни] хоҳлайди дедингиз. [...]Сиз ҳозир «Зиён қилма» деган энг асосий принципни буздингиз! Сиз [31-мартдаги] билдирувингиз билан бутун Қирғизистонга зўравонликдан жабрланганлар ўзлари шуни исташади деб бир неча марта айтдингиз. [...] Сиз [жиноятчиларга] яшил коридорни очиб бердингиз. Жавобгарликни ўз зиммангизга олинг. Сиз ҳуқуқни ҳимоя қилиш тармоғидаги энг катта муассасанинг бирини бошқарасиз, биз сизларга муҳтожмиз, сиз эса жабрланганларнинг ўзлари шуни исташади деяпсиз», — деб билдирди Абдирасулова.

Ногойбаев «“ўзлари” деган сўзни шахсий туйғуларига асосланиб айтганини», буни журналистлар эълон қилиб, «жамоатчиликни ваҳимага солди» деб жавоб берди.

«Ҳозирда мен ҳамкасбларимга вояга етмаганларга нисбатан давра суҳбатини ўтказишни топширдим. Албатта, нотўғри айтган бўлсам кечирим сўрайман, бироқ шу “ўзлари” деган сўзим мен учун [сабоқ] бўлди деб ҳисоблайман. Мен фақат ўз сўзимни айтдим, юрист сифатида эмас», — деб билдирди Ногойбаев.

Журналистлар ундан ҳуқуқ ҳимоячилари унинг истеъфосини талаб қилишаётганини, у ишдан кетишга тайёрми деган саволни беришди. Ногойбаев бу масала муҳокама қилинмаганини айтди — унинг айтишича, ИИВ унинг билдируви бўйича текширув тайинлаган.

Ногойбаев вояга етмаган қизлар ҳақида нима деган эди?

Бишкек шаҳар ИИБ бошчиси Азамат Ногойбаев 31-мартдаги матбуот анжуманида журналистларнинг зўравонликка учраб, беш ойдан кейин ўз жонига қасд қилган 13 ёшли қизнинг воқеаси бўйича саволига жавоб бериб, вояга етмаган қизлар катта ёшдаги эркаклар билан «ихтиёрий равишда» жинсий алоқада бўлиши натижасида шундай «воқеалар» бўляпти деб билдирган.

Ногойбаев милиция бундай маълумотларни рўйхатга олиб, текширув вақтида вояга етмаган қизлар катталар билан жинсий алоқа қилишга ўзлари рози бўлишаётгани аниқланади деб билдирган.

«Сўнгги вақтларда бедарак йўқолган қизлар кимлар биландир танишиб, кейин ихтиёрий равишда улар билан бирга бўлиш натижасида шундай воқеалар бўляпти. Албатта, вояга етмаган ўсмирлар билан жинсий алоқада бўлганларга жавобгарлик бор, шу сабаб ҳеч ким жазосиз қолмайди. Қолаверса, ўз жонига қасд қилган қизнинг ҳам турмушга чиқиш истаги бўлган, бироқ у вояга етмагани сабаб шундай воқеа бўлди», — деган Ногойбаев.

Бироқ ёши етмаган қизлар жинсий алоқага рози бўлмайди — кўп ҳолларда бундай жиноятлар катта одамларнинг мажбурлаши ёки зўрлаши орқали бўлади. Бу ҳақда қонунларда ҳам, ҳуқуқ ҳимоячиларининг билдирувларида ҳам айтилади.