Байсалов: Ўзини-ўзи интернет юлдузи қилиб олганларни тартибга чақиришимиз керак

205
Эдил Байсалов ва Улукбек Карибек уулу

Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов ҳукумат блогерларнинг «ҳаддан ошган» ҳаракатларига чора кўради деб билдирди. Бу ҳақда у 30-мартда Фейсбук саҳифасига ёзди.

Байсалов постига блогер Улукбек Карибек ўғлининг видеосини мисол қилиб, ундан олинган скриншотни жойлади.

«Бир қанча йилдан бери ўзларига халқ манфаатини ниқоб қилиб олиб, арзон машҳурликка интилиб, сиёсий “очко” тўплаш ҳолатларинг мавжуд экани сир эмас. Шундай ҳаракат орқали сиёсий карьера қилса бўлар экан деган тушунча пайдо бўлиб, янги “юлдузчалар” пайдо бўла бошлади. Улукбек укамиз ҳам сайловга қатнашиб, сиёсий амбицияси борлигини яширмайди. Бироқ бундай йўл нотўғри эканини депутат бўлгани ҳам, депутат бўламан деётгани ҳам тушуниши лозим», — деб билдирди Байсалов.

У журналистларнинг жамият манфаатидаги миссияси — «ҳукуматдан ёки давлат органидан ҳақиқатни айтиб, назорат қилишни талаб қилиш, шунингдек очиқ жамиятнинг талабини амалдорларга етказиб, жавоб олиш» деб таъкидлади.

Лекин Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари айтишича, мазкур ҳаракатларнинг бари «демократияли ва маданиятли жамиятда аҳлоқ ва юмшоқ муомала билан ҳал қилиниши шарт».

Шунингдек, давлат муассасаларга чақируви ёки рухсат қоғози йўқ текшириш «демократик давлатларда йўқлигини ва қонун билан яшашни ўрганиш кераклигини» таъкидлади.

«Қонунда «санитар-эпидемиология станцияси бир ишхонани текширишдан олдин, ёзма равишда фалон куни боришини маълум қилади» дейди. Ҳозирги ҳукумат бу эски қоидаларни қайта кўриб чиқиб, халқнинг соғлигини сақлаш назоратини кучайтиряпмиз. Хусусий фабрика ёки дўкон бўладими, давлат болалар боғчаси ёки касалхонами, дунё бўйича кириб-чиқиш ва асосан тасвирга олиш бўйича махсус чекловлар бўлади. Биз «тиббий сир», «шахсий ҳаёт» ва «тижорий сир» тушунчаларини ҳурмат қилишимиз керак», — деди у.

Сўзининг охирида сиёсатчи «сўнгги 30 йилда журналистика тармоғи қадрини йўқотганини айтиб, ижтимоий тармоқларда чегарадан ошган кўринишларга албатта чора кўрилишини» таъкидлади.

Карибек ўғли ким?

Улукбек Карибек ўғли — блогер ва фуқаровий журналист. У журналистика тармоғида 2011-йилдан бери ишлаб келади. У «Манас Жаңырыгы» телеканалида ишлаган, кейин «Марва» телеканалини бошқарган.

2021-йилдаги парламент сайловида «Эл Үмүтү” партиясидан Жогорку Кенеш депутатлигига номзодини кўрсатган. Номзодларнинг рўйхатида иккинчида бўлган ва партия сайловда ўтмай қолган.

Ўтган йили август ойида ОАВга қарши шикоятларни кўриб чиқувчи комиссияга блогер устидан ариза тушган. Бу аризанинг эгаси Қирғизистон тиббиёт касаба уюшмасининг бошчиси Бермет Барктабасова блогер «бутун соғлиқни сақлаш соҳасида ишлаган мутахассисларнинг қадр-қимматига путур етказиб, обрўсига зарар етказди» деб билдирган.

Бу шикоятга блогернинг тиббиёт ходимлар кўрсатган хизмати учун фуқаролардан пул талаб қилаётгани айтилган бир неча видеоси сабаб бўлган. Блогер ўзи соғлиқни сақлаш тизимининг етакчилари унинг текширувларини нотўғри қабул қилмоқда деган.

12-январда Карибек уулу Тожикистондан Иссиқота туманига кўчиб келган этник қирғизлар ҳақидаги видеоматериали устидан тушган аризаси асосида милицияга сўроқ берган. Видеода этник қирғизларни давлат идораларининг босими билан пул талаб қилишига учрагани ёритилган.

Блогер видео материалларини YouTube каналига жойлайди. Каналнинг 420 мингдан ортиқ обуначиси бор. Блогернинг Бишкек шаҳридаги №173 болалар боғчасидаги ноқонуний ҳолатлар ҳақида 30-мартда чиқарган видеосини бир кунда 260 минг киши кўрган.