Иссиқкўл вилояти маъмурий суди судьяси Женишбек Баринбаев ўз хоҳиши билан истеъфога чиқиш ҳақида ариза берди. Бу ҳақда Олий суднинг матбуот хизматидан хабар беришди.
Хабарда айтилишича, Баринбаев аризани 24-мартда Олий суд раиси Замирбек Базарбеков айрим судьялар иши бўйича тезкор маслаҳатлашув ўтказганида топширган.
«Судья суд ҳокимияти нуфузига соя соладиган хатти-ҳаракатлар қилганини тан олди», — деб билдиришди Олий суддан.
Аввалроқ Kaktus.media нашри Иссиқкўл вилояти патруль милициясига асосланиб, Қоракўл шаҳрида Баринбаев маст ҳолда автомобиль бошқаргани учун қўлга олинганини ёзган.
Милиция ходимлари судьяни касалхонага олиб боришганда, шифокорлар унинг қонида спиртли ичимлик борлигини аниқлашган. Сўнгра ходимлар судьяга нисбатан протокол тузишган.
Женишбек Баринбаев ўтган йилнинг апрель ойида Иссиқкўл вилояти маъмурий суди судьяси лавозимига тайинланган эди. Бунга қадар у Ўш шаҳар судида ишлаган.