Ижтимоий тармоқларда депутат Жусупбек Коргонбай ўғлининг Ўш шаҳар патруль милициясининг навбатчилик бўлими бошчиси Болот Нурматовдан кон қазувчи компанияни сотиб олаётгани айтилган 21-мартда тарқаган видео муҳокамага сабаб бўлди.
Депутат компанияга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтмоқда. Ички ишлар вазирлиги ва бош прокуратура бу бўйича «Клооп»нинг саволларига материал тайёрланган вақтда жавоб беришмади.
Нима бўлди?
21-мартда ижтимоий тармоқларда Коргонбай ўғли Нурматов билан 520 минг АҚШ долларга шартнома тузаётгани олинган видео тарқади. Видеода Коргонбай ўғли Нурматовдан Қадамжой туманида кўмир қазувчи «Ысман-Тоо» ишхонасини сотиб олаётганини айтган.
Нурматов видео «чиқиб» кетмасин деб хавотирланганда депутат видеони «ўзи учун» олаётганини айтиб ишонтирган.
Яна бир видеода Коргонбай ўғли «Уу-Таш» ишхонасининг 33% улушини «ўзига» Шайимбек Алимбаев деган кишидан 100 минг АҚШ долларга сотиб олаётганини айтган.
«Минг доллар аванс бердим, тўғрими? Қолганини 4-июль куни тўлиқ рўйхатдан ўтказгандан кейин берамиз. Бари розилик билан бўлди. Қўрқитиш-таҳдидлар бўлмади, тўғрими?» — деб у Алимбаев билан қўл олишган.
Видео эълон қилинган куни, 21-мартда Ютуб каналда Новқат туманининг Уч-Бай қишлоғининг турғуни Нурила Эргешова эри Шабданбек Алимбаев 2017-йили тузган «Уу-Таш» ишхонасини судлашиб, ололмаётган видеоси чиқди. У турмуш ўртоғи вафот этганда Болот Нурматов кўмир конини «қалбаки ҳужжатлар билан ўзига ўтказиб олганини» билдирди.
«Уч йилдан бери судлашиб, 19-марта судда енгиб, энди карьерни ўзимизга ўтказдик десак, Жогорку Кенеш депутати Жусупбек Коргонбай ўғли етимларнинг ҳақи эканини билиб туриб, Болот Нурматов иккиси ўзаро келишиб, карьерни ишлатишяпти», — деди у.
Эргешова бу бўйича судга арзланганини айтиб, иш Олий судга етганда уч марта кўриб чиқишдан бош тортишганини билдирди. Бу ишни қарашда «депутатнинг таъсири бўлмоқда» деб ҳисоблайди.
Ўша видеода «Уу-Таш» компаниясини сотди деб айтилган Шайимбек Алимбаев — марҳум Шабданбекнинг акаси — Коргонбай ўғли унга икки минг доллардан бошқа «бир тийин ҳам бермай юрганини» билдирди.
Конституциянинг 78-моддасида Жогорку Кенеш депутатига тадбиркорлик билан шуғулланиш тақиқланган. Халқ вакиллари фаолиятини давлат ёки муниципал бошқа хизмат билан боғлолмайди.
Шундай тақиқ ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларида ишлаган ходимларга ҳам тегишли. Қонунга кўра, уларга экспертлик, илмий, ўқитувчилик, жисмоний тарбия-спорт ёки ишдан ташқари тадбиркорлик билан шуғулланиши тақиқланган.
Коргонбай ўғли нима дейди?
Депутат Жусуп Коргонбай ўғли «Клооп»га бу воқеа 2022-йили бўлганини айтди. Депутатнинг айтишича, у даллол сифатида компанияни «инвестор укаларига» олиб берган.
«Олдинги эгалари новқатликлар эди, кўп йиллардан бери судлашиб, уришиб юришган, аҳолининг бари билади. Инвестор укалар мени депутат деб, гарант қатори савдолашиб, битириб беришни сўрашди. Мен гарант қатори кўмир қазишга лицензияси бор «Ысман-Тоо»нинг 100% улушини олиб берганман. «Уу-Таш»нинг лицензияси йўқ. Бироқ кўп йилдан бери оғзаки айтиб юришгани учун уларга ҳам воситачи бўлдим. Лекин улар пулларини олиб, нотўғри маълумотлар тарқатишмоқда», — деди у.
Депутат мазкур компанияларнинг бирига ҳам алоқаси йўқлигини айтиб, кон қазувчи жойга «борган ҳам эмасман, кўрган ҳам эмасман» деб айбловларни инкор қилди.
Ўш шаҳар патруль милициясидан видеодаги одам Болот Нурматов эканини тасдиқлаб, у навбатчилик бўлими бошчиси бўлиб «бир ярим йилдан бери, патруль милициясида эса кўп йилдан бери» ишлаётганини билдирди.
Муассасадан бу иш бўйича изоҳ олиш учун ИИВга мурожаат қилишни таклиф қилишди. Нурматовнингн телефон рақамини «тополмаётганини» айтиб, беришмади.
Олий суднинг «Уу-Таш» компанияси бўйича иши бир неча марта судда қаралганини «Клооп»га тасдиқлашди. Аммо тўлиқ маълумот олиш учун хат юборишни талаб қилишди.
Ички ишлар вазирлиги ва бош прокуратура депутат билан патруль милицияси ходимини компанияни савдолашаётгани бўйича изоҳ беришмади.
«Ысман-Тоо» масъулияти чекланган жамияти 2022-йили Юстиция вазирлигидан қайтадан рўйхатдан ўтган. Ишхона кўмир чиқариш билан шуғулланади, етакчиси сифатида Исламбек Асанбеков кўрсатилган. Асосчиларининг бири — Багиш Жоромаматов.
«Уу-Таш» масъулияти чекланган жамият 2018-йили Юстиция вазирлигидан қайтадан рўйхатдан ўтган. Ишхона оҳактош ва гипс чиқариш билан шуғулланади, раҳбари деб Шабданбек Алимбаев кўрсатилган.