2023-йили Ўш шаҳрида ўтказиладиган маданий тадбирларга шаҳар ҳукумати 5 миллион сом маблағ ажратди. Бу ҳақда 24-мартда «Клооп»га Ўш шаҳар мерияси ҳузуридаги маданият бошқармасидан билдиришди. Бунгача «Ош-Пирим» каналининг етакчиси Ўшда ўтган Наврўз байрамини танқид қилган.
Маълумотга кўра, маданий-оммавий тадбирларни уюштириш режасида халқаро даражадаги дизайнерларнинг кўргазмаси, ҳунармандчилик фестивали ва бошқа тадбирлар кўзда тутилган.
«Бу йил Ўш шаҳрида биринчи марта халқаро даражадаги дизайнерларнинг кўргазмаси ўтади. Унга саккиз давлатдан иштирокчилар келади, ҳозирча беш мамлакат жавоб берди. Рамазон ойи тугаши билан уюштирилади», — деб билдирди мерия ҳузуридаги маданият бошқармаси бошчиси Элдияр Кадиркулов.
Бундан ташқари, Кадиркулов бу йил Ўш шаҳрида ҳунармандчилик кўргазмасини ўтказиш режалаштирилаётганини ва унга катта маблағ сарфланишини таъкидлади.
«Иккинчи тадбиримиз — ҳунармандларнинг фестивалини ўтказамиз. 2022-йил охирида Ўзбекистонда Европа, Осиё давлатларининг ҳунармандлари келиб, музей ичида [тадбир] ўтказишди. [...] Бунга катта маблағ кетади. Бироқ жуда катта даражада қилолмасак ҳам, [Ўзбекистонга келганлардан] 70% ҳунармандни олиб келайлик деган фикр бўляпти», — деди у.
Шунингдек, Кадиркулов ажратилган маблағ ҳисобидан «Көңүлдүү жигиттер» лойиҳаси асосида ҚВЗ ташкил қилиниб, Ўш шаҳар мерининг кубоги топширилишини, олийгоҳлар орасида сармерден ва бошқа тадбирлар ўтказилишини билдирди.
21-мартда «Ош Пирим» телеканалининг етакчиси Абай-Нур Большевиков Ўш шаҳрининг марказий майдонида Наврўз байрами муносабати билан ўтказилган тадбирни «такрорланган» деб танқид қилган.
«Олдин мериянинг мана шундай тадбирларига 5-10 минг одам келиб, қувноқ тарзда ўтарди. Сўнгги вақтларда бундай эмас, 100-200 одам [келади]. Суст... Қизиқсиз... Аввалдан такрорланаверадиган дастур. Ўзгачалик, янгилик, изланиш, жонли эмас. Ўша қўшиқчи, ўша шеър, ўша рақслар, ўша кампир, ўша алас айтиш, ўша оқсоқол, ўша фотиҳа бериш, ўша раққосалар, ўша сўзлар. Аммо ўша вақтда шаҳар ғазнасидан ўша пуллар ажратилади», — деган Большевиков.
Маданият бошқармаси бошчиси Кадиркулов эса бу фикрни инкор қилиб, байрам тадбирларини ўтказишда янгиликлар бўлаётганини қўшимча қилди.
«2021-йили Мустақиллик куни Ўш шаҳрида нишонланиб, унинг ўзгачалиги декорацияда бўлди. Бу ерда қирғиз эркин эканини [англатиб], бургутнинг суратини қўйганмиз. [...] Шунингдек, 5-октябрь [Ўқитувчилар куни] доим марказий майдонда Ленин ҳайкали ёнида нишонланар эди, биз у ердан жилдириб, Ўш қишлоқ хўжалиги институтининг олдига саҳна қўйиб, ўзгача қилиб концерт билан ўтказдик. Россиядан, бошқа қўшни давлатлардан хонандалар келди», — деди Кадиркулов.
2022-йили Ўш шаҳар мерияси маданият бошқармасига 3,5 миллион сом маблағ ажратган. Муассасанинг маълумотига кўра, бу маблағ маданий концерт тадбирларига сарфланган.