Ўшда солиқ хизматининг инспектори Жанибай Сарибашов суриштирувчи журналист Идирис Исаков устидан шикоят аризасини ёзган ва у сўроққа чақирилди. Бу ҳақда журналист ўзи 23-мартда билдирди.
Аввалроқ Исаков инспектордан изоҳ олишга ҳаракат қилиб уни қувалаётган видеосини жойлаган. Унда Сарибашов қалбаки ҳужжат орқали Қорасув туманининг Шарқ қишлоғи турғунларидан бирининг ер участкасини тортиб олгани айтилган. Исаков мазкур масала бўйича Сарибашовдан изоҳ олишга ҳаракат қилган, аммо у жавоб беришдан бош тортиб журналистдан қочган.
«Олдин бу инсон баҳсли ернинг ҳақиқий ҳужжатларини топиб, ҳужжатлари қалбаки эмаслигини исботлагандан кейин менинг устимдан милицияга эмас, бандитларга шикоят қилса ҳам ярашарди. [...] Нима бўлса ҳам сўроққа бораман. Терговчининг саволларига жавоб бераман. Кейин қоғозларни имзолайман. Ишлар қолаверади. Менга қўнғироқ қилганлар кутаверади. Майли энди», — деди журналист.
Суриштирувчи журналист февраль ойида ҳам милицияга чақирилиб, тўрт йил олдин Садир Жапаров бўйича айтган видеоси учун сўроқ қилинган.
Унда TikTok ижтимоий тармоғига «Алберт» (Albert) номли аккаунт орқали «Қирғиз уйғон, уйғур мафияси Қирғизистонни талон-тарож қиляпти» деган мавзуда қисқа видео эълон қилиниб, унда Исаковнинг эски видео мурожаатидан парча фойдаланилгани сабаб бўлган.
Журналист ўзи кўрсатмада видеонинг эгасини «танимаслигини ва видеода қайси уйғур мафияси ҳақида гап бўлаётганини билмаслигини» айтган.
Идирис Исаков бир неча йил «Азаттык» радиосида ишлаб, 2019-йили бу ердан ишдан чиқиб, ўзининг YouTube каналини очган. Ҳозирда у ижтимоий муаммолардан тортиб, суриштирувларгача сюжетларни чиқаришни давом эттирмоқда, каналига 400 мингдан ортиқ одам обуна бўлган.