МХДҚ Бишкекдаги «Тазалык» ишхонасининг собиқ раҳбари Риспек Сарпашовни қўлга олди

158

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Бишкекнинг собиқ вице-мери ва «Тазалык» ишхонасининг собиқ етакчиси Риспек Сарпашовни қўлга олди. Бу ҳақда 23-мартда МХДҚдан билдиришди.

Сарпашовга коррупция, ишониб берилган мулкни ўзлаштириб олиш ёки сарфлаш ва ваколатини суиистеъмол қилиш фактлари бўйича жиноят иши қўзғалди.

«С.Р.А. 2017-2018-йиллари, «Тазалык» муниципал ишхонасининг директори бўлган вақтда ўзининг фойдаси учун ўз ваколатидан фойдаланиб, ишхонанинг айрим ходимлари билан жиноий тил бириктириб, ишламаган ва етарли бўлмаган махсус автоэҳтиёт қисмларни (чиқинди ташувчи машиналар, самосваллар, юк ташувчи машиналар) ва ёқилғи-мойловчи материалларни асоссиз ҳисобдан чиқариб юборган», — дейилади МХДҚнинг маълумотида.

Муассасадан ҳақиқатдан ҳам машиналарга ажратилган эҳтиёт қисмлар ва ёқилғи-мойловчи моддалар сотилиб, тушган пуллар ўзларига бўлинганини қўшимча қилишди. МХДҚдан жиноят иши бўйича экспертиза тайинланиб, унинг хулосасига кўра, «Тазалык» МИнинг бюджетига 5 миллион сомдан ортиқ суммада зарар келтирилгани аниқланганини билдиришди.

«Бундай ҳаракатлар натижасида махсус техниканинг ва ёқилғи-мойловчи материаллар етишмагани, чиқинди чиқаришга жавобгар тегишли муниципал хизматларнинг нотўғри ишига туртки бўлган. Фуқаролар чиқиндилар кўп тўпланиб, ўз вақтида олинмаётгани бўйича бир неча марта шикоят қилишган», — деб билдиришди хизматдан.

Сарпашов МХДҚнинг ТИЗОсига киритилди.

Риспек Сарпашев «Тазалык» муниципал ишхонасини турли йилларда бошқарган, олдин 2010-йилдан 2012-йилгача, кейин 2014-йилдан 2018-йилгача. 2018-йилнинг августидан бошлаб 2019-йилнинг октябригача пойтахтнинг вице-мери бўлган, кейин «Тазалык»ка қайтиб, 2021-йилгача ишлаган.