«Боткенликлар рози». Орунбеков қурилган уйларнинг сифати бўйича танқидларга жавоб берди

216

Президентнинг матбуот хизмати етакчиси Дайирбек Орунбеков Боткен вилоятининг яшовчилари чегара муаммосидан кейин қурилган уйларнинг сифатидан рози эканини билдирди. Бу ҳақда Орунбеков ҳуқуқ ҳимоячиси Гулгаки Мамасалиеванинг уйларнинг сифатини танқид қилган постига изоҳ ёзди.

Амалдор нега фаоллар Қирғизистонда қилинаётган ишлардан яхши нарса қидирмаяпти, деб сўради ва шунчаки гапириш ва салбий фикр яратишнинг ҳам чегараси борлигини айтди.

«Сифатига сиз баҳо берасизми, касбингиз ёки ишлаётган лавозимингиз тўғри келадими? Уй эгалари сифатидан рози бўляпти, «олдин лойдан тикланган деворлар ўрнига, ғишт, бетон билан тикланган уй қуриб берди», — деб айтишяпти», — деб ёзди Орунбеков.

Аввалроқ Мамасалиева нодавлат ташкилотларнинг ходимлари боткенликлар учун қурилаётган уйларнинг сифати ночор эканини айтишганда, Орунбеков уларни ёлғончига чиқарганини ёзган.

Чегарадаги можаро

2022-йилнинг сентябридаги қирғиз-тожик чегара жанжалида 63 қирғизистонлик вафот этиб, юзлаган уйлар вайрон бўлган.

Қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашув сабаб Қирғизистон тахминан 3 млрд 130 млн сом зарар кўрган деб баҳоланган. Ҳукумат маҳаллийларга қишгача уйларини тиклаб беришни, умуман бузилганларининг ўрнига эса янгисини қуриб беришни ваъда қилган. Бироқ қурилишни якунлаш муддати бир неча марта сурилган. Охирги марта Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров қолган уйларнинг барчасини март ойининг ичида битиришни ваъда қилган.

Шунга қарамай, қурувчилар меҳнат ҳақи вақтида берилмаётганидан, маҳаллий турғунлар эса уйларнинг сифати ёмон эканидан норози бўлишган.