22-мартда Архитектура, қурилиш ва турар-жой коммунал хўжалик давлат агентлиги Боткендаги қуролли можарода бузилган уйларни қурувчи усталарнинг «меҳнат ҳақи тўланмаётгани» бўйича изоҳ берди.
Муассасадан бу ҳолат усталар билан қўшимча ёлланма «Алмалуу Доор» қурилиш компанияси ўртасида тушунмовчиликдан юзага келганини билдиришди.
«Ишчилар уйнинг қурилишини тўлиқ битирмай, маошини 100% тўлаб беришни талаб қилишяпти. «Алмалуу Доор» қурилиш компанияси усталарнинг 80% меҳнат ҳақини тўлаб, қолган қисмини ишни битириб, объектларни ўтказиб бергандан кейин тўлашини айтган», — дейишди давлат қурилишдан.
«Алмалуу Доор» қурилиш компаниясининг етакчиси усталарнинг маоши бажарган ишига яраша тўланаётганини айтди.
«Усталар 4-5 кундан бери жанжал қилиб, «бизга олдиндан тўланглар» деб талаб қилишяпти. Қурилишни битирмай туриб меҳнат ҳақини бериб қўйсам, улар кетиб қолиши мумкин. Қоида бўйича, битган босқичларнинг пули тўланади», — деди компания етакчиси.
Аввалроқ боткенликлар қурилиш компаниялар усталарга маошини тўламай қўйгани учун қурилиш ишлари тўхтаб турганини айтиб шикоят қилишган. Вилоят раҳбари Абдикарим Алимбаев Ак-Сай қишлоқ ҳукуматининг турғунлари билан учрашиб, қурилиш бошқармасига муаммони ҳал қилишни топширган.
Боткендаги уйларни қайта тиклашга масъул «Аманат Курулуш Инвест»нинг бош прорапи Кудайназар Жолматов усталарнинг пули тўланади деб ваъда берган.
Чегарадаги қуролли можаро
Ўтган йилнинг сентябридаги қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можарода Қирғизистоннинг 63 фуқароси қурбон бўлиб, 200дан ортиқ одам жароҳатланган. 140 мингга яқин одам уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлиб, юзлаган оила бошпанасиз қолди.
Қирғиз ҳукумати турғунларга уйларни совуқ тушгунча битириб беришни ваъда қилгани билан бу ваъдалар бажарилмаган. Янги йилда ҳам қариндошлариникида ёки квартираларда яшаб, уйнинг қурилишини битишини кутаётган боткенликлар сони кўп. Улар қурилиш ишларини тезлаштиришни ва чегара муаммосини ҳал қилишни талаб қилишган.
24-февралга кўра, жанжалда бузилган 332 уй янгидан қурилиб, фойдаланишга берилди. Қолган 86 уйнинг қурилиши мартнинг охирида битиши айтилди.
Қуролли можарода Қирғизистонга келтирилган моддий зарарнинг умумий миқдори 3 млрд 130 млн сом деб баҳоланган.