Гаагадаги Халқаро жиноят суди Россиянинг президенти Владимир Путинни қамоққа олиш бўйича ордер чиқарди. Бунга Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги ёш болаларнинг Россияга ноқонуний, мажбурлаб олиб чиқарилгани асос бўлди. Бу ҳақда судринг расмий сайтида айтилади.
Халқаро суд турғунларнинг ва ёш болаларнинг ноқонуний депортацияланишининг ҳарбий жиноят ва украиналик болаларга зиён етказиш деб баҳолади.
Маълумотга кўра, депортация бўйича ҳарбий жиноят «камида 2022-йилниинг 24-февралидан бери амалга оширилиб келган».
Шу каби сабаб билан Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Мария Львова-Беловани ҳам қамоққа олиш бўйича ордер берилди.
Украинанинг бош прокурори Андрей Костин бу Украина ҳамда бутун халқаро ҳуқуқ тизими учун тарихий қарор бўлганини таъкидлади.
«Энди дунё лидерлари унинг [Путиннинг] қўлини қисиб ёки у билан суҳбатлашиш учун ўтиришдан аввал уч карра ўйланишади. Дунё рус режими жиноятчи, унинг раҳбарияти ва ҳамкорлари жавобга тортилади деган белги олди», — деди у.
Костин халқаро судга украиналик болаларни Россияга куч билан депортация қилиш бўйича 40 томдан ортиқ материал берилганини қўшимча қилди. Унинг айтишича, Донецк, Луганск, Харьков ҳамда Херсон вилоятларидан 16 минг бола депортациялангани қайдга олинган.
«Бироқ ҳақиқий кўрчаткич бундан анча кўп бўлиши мумкин. Бу Россиянинг Укранинани давлат қатори, украинларни миллат қатори йўқ қилишган йўналтирилган режали сиёсати эканига шубҳа йўқ. Болаларимизни ўғирлаш билан Россия, том маънода бизнинг келажагимизни ўғирламоқда», — деди у.
Россия ҳукумати эса бунга жавобан, халқаро жиноят судининг қонунийлилигини тан олмаслигини билдирди.
«Биз саволнинг тузилишининг ўзини ҳаддан ошган ва қабул қилиб бўлмайдиган деб ҳисоблаймиз. Россия бир қатор давлатлар қатори, бу суднинг қонунийлигини тан олмайди, демак ҳуқуқий жиҳатдан олганда, Россия учун бундай қарорлар яроқсиз деб ҳисобланади», — деб таъкидлади Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков.
Россиянинг Хавфсизлик кенгашининг етакчиси Дмитрий Медведев «бу қоғозни қаерда ишлатиш кераклигини тушунтиришнинг ҳожати йўқ» деб ёзиб, ҳожатхона қоғозининг белгисини илова қилган.
Украиналик болаларни депортациялаш
Йель университетининг Гуманитар тадқиқот лабораториясининг маърузасида тўрт ойдан 17 ёшгача бўлган камида 6 минг бола (жумладан ота-онаси ёки қаровчиси борлар ҳам) Украинадан Россияга куч билан олиб келингани айтилади.
Маърузанинг муаллифлари болалар «қайта тарбиялаш», «интеграция» программалари олиб борилаётганини ёзги лагерларга ҳамда собиқ пионер лагерларига жўнатилганини ёзишган. Уларнинг айтишича, болаларга «тарих бўйича русларнинг версияси» айтилиб, «Россиянинг сиёсий манфаатига хизмат қилувчи ғояларни» сингдиришган.
Тадқиқотчилар Россиянинг болалар омбудсмени Мария Львова-Беловани украиналик болаларни мажбурлаб олиб кетишдаги «асосий одамлардан бири» деб аташган. У 2023-йилнинг февралида Путинга Мариуполлик 15 ёшдаги болани асраб олганини айтган.