«Давлат телеканалларига эҳтиёж борми?». Исаков видеоси атрофида нима бўляпти?

14-мартда суриштирувчи журналист ва блогер Идирис Исаков давлат оммавий ахборот воситалари ва уларга сарфланган бюджет маблағлари ҳақида видео эълон қилди. Кейин «Давлат телеканалларига эҳтиёж борми, уларни молиялаштириш керакми?» деган саволни берди.

Исаковнинг материали ижтимоий тармоқларда муҳокамани кучайтирди. Айримлар, жумладан, давлат оммавий ахборот воситаларининг журналистлари Исаковни танқид қилган бўлса, бошқалари «давлат телеканаллари ёпилиши керак» деган фикрни билдиришди. «Клооп» бу билан боғлиқ айрим фикрларни бир ерга тўплади.

Видео нима ҳақида?

Идирис Исаков кўрсатув номини: «Буқа боққан ўзади, журналистларни боққан тўзади». Журналистларни нимага боқамиз?» деб атаган. У давлат телеканалларини «халқ елкасидаги юк бўлаётган тармоқ» деб баҳолаган.

Журналистнинг ҳисоб-китобларига кўра, МТРК ва ЭлТРда 1039 нафар киши ишлайди ва уларга давлат бюджетидан йилига «тахминан» 500 миллион сомдан ортиқ маблағ сарфланади. Исаков давлат телеканалидаги «бекорчи журналистларни боқишдан кўра», мамлакатдаги болалар боғчаси, йўл ва тоза сув муаммосини ҳал қилиш муҳимроқ, деб ҳисоблайди.

«Хукуматни мақтовчи МТРК маълумотларини кўришимиз шартми? Агар МТРК янгиликларни чиқармай қўйса, Қирғизистон маълумотсиз бир аҳволга тушиб қоладими? Ёки Қирғизистон фуқароларининг осойишта ҳаёт кечиришига ЭлТР қандай хизмат қиляпти?». — деб савол қўяди у.

Журналист иккита йирик телеканалдан ташқари вилоятларда «Пирамида», «5-канал» ва бошқа вилоятларда еттита телеканал бор эканини эслатиб ўтади. Унга кўра, вилоятдаги телеканалларни молиялаштиришга давлат бюджетидан катта миқдорда маблағ сарфланади.

Исаков МТРК ва ЭлТРга сарфланган маблағ ҳисобига бир йилда 20 га яқин боғча қуриш мумкин эканини айтади.

Шунингдек, у интернет даврида давлат телеканалларининг ижтимоий тармоқларда мустақил медиаларга ёки бир ўзи ишловчи блогерларга қараганда кам обуначиси бор эканини қўшимча қилди.

Исаковни танқид қилганлар

Исаковнинг материалидан сўнг, шу куни ижтимоий тармоқнинг айрим фойдаланувчилари уни танқид қилувчи постлар ёзишди. Аввалроқ эса давлатнинг 5-канали ва NewTV телеканалида ишлаётган Исмат Ибрагим бунга қадар эълон қилган «Фокус» номли муаллифлик дастурини такроран бўлишди. Унда мустақил оммавий ахборот воситаларининг «ҳақиқий миссияси» ҳақида гапирган.

У видео олдига «Исаковга ўхшаган буқалар қайси охирдан ем еб семираётганини сиз ҳам кўриб, билиб олинглар», деб ёзган.

Ибрагим мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватловчи «Интерньюс» ташкилотини «маблағларни фақат ахборот манипуляциясини амалга оширадиган ва уларга хизмат қиладиган лойиҳаларга сарфлаб келади» деб айблаган. Аммо у айтган тахминларини ҳеч қандай далил билан тасдиқламаган.

Ҳозирда Исмат Ибрагим «Оламга саёҳат  [Дуйно кыдыр]» муаллифлик кўрсатувини МХДҚ раиси Қамчибек Ташиевга қарашли «7-канал» кўмагида тайёрлаб, мазкур телеканал эфирида намойиш этиб келади.

Бишкек шаҳар ИИББ матбуот хизматининг собиқ раҳбари Улан Жумаков Исаков «давлат телеканалларини ёмонлаб қораланмоқда» деган фикрда. У Исаковдан «чет давлатдан қанча доллар олаётганингни айт», деб талаб қилди.

«Шунингдек, АҚШ бошқа мамлакатлардаги оммавий ахборот воситаларига ва сенга ўхшаганларга қанча пул ажратаётганини ҳам кўрсатиб бер, кел, бошлаганингга яраша, жавоб кутамиз. АҚШ давлат бюджети ОАВларга қанча доллар ажратар экан? «Сен Ватанга қандай патриотсан, бу ерда кимнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, ёйиб ётибсан, қайси пул эвазига яшаяпсан, шуни аниқлашинг керак, агар Америка берган маошга бўлса, шуни айт, тушунамиз», — деди у.

Бошқа томондан, «Ала-Тоо 24» давлат телеканалидаги «Президент Жапаров» кўрсатувининг бошловчиси Айжигит Матраимов давлат ОАВларига «оммавий осилиш авж олди» деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, давлат ОАВлари солиқ тўловчилар ҳисобидан ойлик олади деган бир-бирига ўхшаш маълумотлар тарқатилмоқда.

«Бир Блогернинг популистик блогини баҳона қилиб ахборотни манипуляция қилиш мумкинми? Ёки улар одамни «буқа»га, чорвага қиёслаб ясаган материалига «Оҳ, биз шунақамизми деб ўтираверишимиз керакми?» — деди у.

Айжигит Матраимовнинг фейсбук саҳифасининг скриншоти.

Норин вилоят медиа марказининг етакчиси Каникей Жунусова Исаковнинг давлат телеканалларида ишловчи ҳамкасбларига «осилганидан» норози.

«Телевидение ишини ютуб билан баҳолашнинг ўзи нотўғри. Телевидениедаги маълумотни халқ телевизордан кўради. Ҳудудлардаги ТВларни танқид қилибди, бизнинг ҳар биримизнинг ўзимизнинг аудиториямиз бор. Қишлоқда осмонга қараб, тонгдан кечга қадар ҳеч ким телефон титиб бўш ўтирмайди. Кечгача ютубга қараб ўтирмайди. Шунинг учун асосий дастурлар кечки пайт қўйилади, оддий аҳоли ишдан келиб, молини жойлаб келиб, кейин ўтириб, телевизор кўради», — деб ёзган у.

ЭлТРнинг продюссери эса Зулфия Кожоева Исаковнинг давлат телеканаллари тўғрисидаги материалида «кўра олмаслик ҳамда такаббурлик»ни сезганини билдирди. «Биласанми, ҳар доим бизнинг каналга осилиб туришингнинг бир сабаби бор, бу ҳам бўлса “узумга қўли етмаган тулки “пуф сассиқ” дегандек ичи торлик, ҳасад ва оддий қилиб айтганда, «алам» қилиш. Мен ҳар бир ҳамкасбим билан фахрланаман, уларнинг ҳар бири давлат яхлитлиги учун фидокорона меҳнат қилганидан фахрланаман. Халқ тарози —  баҳони ҳам халқ беради, сен эмес», — деб норози бўлди у.

Шунингдек, у «давлат каналлари — бу халқнинг эртаси, тарихи, моҳияти» деб ҳисоблайди. У давлатнинг яхши томонини кўрсатиб, ЭлТРда ишлаб келаётганига шукр қилишини қўшимча қилди.

«Ўзимга ғамхўрлик қилмай, халқ ичида халқ билан яшаётганим учун яратгандан минг марта розиман. Сенга ўхшаб долларга яшамаётганимга ҳам миннатдорман. Давлатнинг ёмонини эмас, яхшисини кўрсатиб, мафкура, халқнинг бутунлиги, иқтисодиётнинг реал ўсиш суръатлари ҳақида халққа тўғри йўл-йўриқ бериб, давлат ислоҳотларига кўмаклашиб, кенг жамоатчиликка ЭлТР орқали етказиб бераётганим учун шукр қиламан», — деди у.

Бошқа мустақил журналист, фаоллар қандай фикрда?

Идирис Исаковнинг фикрини таҳлилчи журналист, «МедиаХаб» асосчиси Али Токтакунов ҳам қўллайди. У 15-мартда фейсбук саҳифасига пост ёзиб, давлат телеканалларида ишлаган журналистлардан «манипуляция қилишмасин» деб талаб қилиш кераклигини таъкидлади.

«Бири-бирига ўхшаш матнларни “копи-паст” қилганлар давлат медиасининг журналистлари. Фейк, тролль фабрикалардан ҳоли етмай қолганда шундай қилиб журналистлардан фойдаланиб, “мана, сизни эл қўллаяпти-ку” деб президентга маддоҳлик қилиб, “мана, президентни қўллашяпти” деб халқнинг кўзига тупроқ сочиш ҳаракати. Бу бир қисми холос», — дейди у.

Суриштирувчи журналист Арген Бактибек уулу эса бунга қадар ҳам ҳукумат давлат телеканалларини ёпиш, унинг ўрнига давлат органларининг матбуот хизматига «кўпроқ эътибор қаратилса яхши бўлар эди» деб билдирган. У бундай фикрни 15-февралда фейсбук саҳифасига ёзган.

«Мустақилликка эришилгандан бери давлат ахборот хизмати ўзининг заифлигини кўрсатди. Давлат органларининг матбуот хизматини кучайтирса яхши бўлар эди. Масалан, ҳозир ФВВнинг матбуот хизмати жуда тез ишламоқда. Туркиядан [зилзиладан сўнг] тез маълумот оламиз», — дейди у.

Шу билан бирга, Бактибек уулу ҳозирги вақтда мамлакатда «Россия стилидаги давлат пропаганда машинасини тузиш лойиҳаси ишга оширилмоқда» деган фикрда.

«Суратдагилар давлат ташвиқотининг юзлари. Эслаб қолинглар. Ҳаммамизга керак. Эҳтимол, улар Соловьев ва Скабееванинг қирғизча аналогларидир. Уларни энди тез-тез кўрасизлар. Якуни қандай тугашини кўрамиз, энди. Давлат «дакансалар» деганларнинг олқиши остида барча мустақил оммавий ахборот воситаларининг кўзини юмиб қўйиши мумкин. Шундан сўнг, ЭлТР ва КТРКга муаммоларингизни айтиб мурожаат қила олишингиз даргумон. У ердагилар одатдагидай президент ва унинг атрофидагиларни мақташ билан банд бўлишади», — деб ҳисоблайди у.

Арген Бактибек уулунинг фейсбук саҳифасининг скриншоти.

Давлат ОАВларига сарфланган маблағ

«ПолитКлиника»нинг дата-журналистлари ўтган йилнинг декабрь ойида давлат ахборот воситаларига қанча маблағ сарфланаётганини суриштирган.

Маълумотга кўра, йил сайин ОАВларига республика бюджетидан 700 миллион сомдан ортиқ маблағ ажратилади. Бу маблағ телеканаллар, газета ва радиодан ташкил топган 28 медиани молиялашга сарфланади.

Унинг ичига бутун Қирғизистон бўйлаб узатиладиган ОАВлар ҳамда вилоят каналлари, газеталар киради. Шунингдек, «МИР» халқаро каналининг ретрансляция қилишга унга ҳам бюджетдан пул сарфланади.

Молия вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги берган маълумотга кўра, 2007-йилдан бери ОАВларга республика бюджетидан 10 миллиард сомдан ортиқ маблағ ажратилган.

Унинг 6,6 миллиард соми МТРКга туғри келади. Бу ОАВларига бюджетдан ажратилган маблағнинг 64%дан ортиғини ташкил қилади.

2022-йили эса давлат ахборот воситаларини молиялашга бюджетдан рекорд сумма — 923 миллион сом — ажратилган.