«Келишмовчилик йўқ». Ташиев Зулушевнинг қайниси коррупцияда гумонланиб қўлга олинганини тасдиқлади

180

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Бош прокурор Қурманқул Зулушев билан ҳеч қандай келишмовчиликлари йўқлигини айтди. Ташиев бу ҳақда Зулушевнинг яқинларидан бири ҳибсга олиниши фонида айтди.

Интернетда тарқалган видеода МХДҚ етакчиси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Бош прокурорнинг қайнисини қўлга олганини айтади. Унга кўра, ҳозир ҳибсга олинган шахс кўрсатма бермоқда.

«Аммо Қурманқул Токторалиевичнинг ўзи бу ишга алоқадор эмас. Агар қайниси ҳибсга олинса, айбини тўғрилаб, қонуний жазосини олади. Агар унинг айби исботланмаса, озод қилинади», - деди у.

Ташиев юқори мартабали шахсларнинг яқинлари қонун бузган ҳолатлар  кўп учраб турганини билдирди. У президентнинг ва ўзининг яқинлари ҳам қўлга олинганини қўшимча қилди. Шунингдек, у амалдорларнинг яқинлари ҳам оддий одамлардек «аёвсиз жавобга тортилади», деб таъкидлади.

«Мен билан Қурманқул Токторалиевич ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқ [...] Шунинг учун Бош прокурорнинг қайнисини ҳибсга олинишини фожиа деб ҳисобламаслик ва буни қандайдир қарама-қаршилик сифатида қабул қилманг. Бу нормал ҳолат. Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Қонун бузилган тақдирда яқин мансабдор шахслар жавобгарликка тортилади, бу президентнинг топшириғи», - дея хулоса қилди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.

18-март куни тушдан кейин Давлат қўмитаси матбуот хизмати 16 ва 17-март кунлари Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан Хитойдан контрабанда йўли билан товарлар олиб ўтишда гумонланиб, олти нафар божхона ходими ҳамда уч тадбиркор қўлга олингани ҳақида хабар тарқатган. Давлатга етказилган дастлабки зарар қарийб 1 миллиард сомни ташкил этади.

Департамент ҳибсга олинганлар орасида юқори мартабали амалдорларнинг қариндошлари борлигини айтган, бироқ улар айнан кимлар эканлигига аниқлик киритмаган.

17 март куни аноним Телеграм каналлари ўз манбаларига таяниб, контрабандада гумонланиб ҳибсга олинганлар орасида Бош прокурор Қурманқул Зулушевнинг яқин қариндоши ҳам борлигини ёзган эди. Хабарда айтилишича, Зулушевнинг қариндоши «бор кучи билан чиқиб кетишга ҳаракат қилмоқда, бироқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳозирча яшил чироқ ёқмаяпти».