Депутат Камила Талиева парламентнинг 17-мартдаги йиғинида «Садир Жапаровнинг оиласини 19 тонна олтинни Туркияга сотишда айбланганларни жазолаш керак» деб билдирди. У Жапаров ва унинг қариндошлари бу айбловлар сабаб «стресс бўлишди» дейди.
«Президентнинг акаси Туркияга олтин сотди деб суратлари билан чиқди, тўғрими? Ёлғон бўлиб чиқдими, ўша?» — деб сўради у, 19 тонна олтинни сотилиши бўйича комиссиянинг етакчиси Арсланбек Малиевдан.
«Ҳа, ёлғон», — деб жавоб берди Малиев.
Шундан сўнг Талиева ҳукумат раҳбарининг ўринбосари Бакит Торобаевга мурожаат қилиб, олтинни сотилгани ҳақида «ёлғон маълумот тарқатганларни жазога тортилишини назорат қилишни» сўради.
«Бу жиноятга тенг, жиноят бу! [Жапаров ва унинг оиласини] бекорга айблаб, шундай маълумот тарқатганлар жазоланиши керак. Иккинчи марта масъулиятли бўлади. Президентнинг оиласи, қариндошларининг оиласи қандай стрессга дуч келди?!» — деди у.
Президентнинг акасини олтин ушлаб тушган сурати
2022-йилнинг сентябрида ижтимоий тармоқларда президент Садир Жапаровнинг акаси Сабир Жапаровни олтин ушлаб тушган сурати тарқалган. Сурат ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинган — фойдаланувчилар яширин қилинган 19 тонна қирғиз олтинни «президентнинг қариндошлари сотиб юборган бўлса керак» деб тахмин қилишган.
Кейинчалик Жапаров акасини «ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш учун Туркиядаги цехларнинг бирига борди» деб ишонтирган. Унинг айтишича, инвесторлар президентнинг қариндошларига боғлиқлиги «оддий практика».
Президент, шунингдек, Туркияга ҳам, бошқа хусусий ташкилотга ҳам «бир грамм олтин» сотилмаганини қўшимча қилган. У Туркиянинг нархи жуда паст бўлганини айтган.
Олтин атрофидаги можаролар
Президентнинг акаси олтин ушлаб тушган сурат нархи 1 млрд долларга баҳоланган 19 тонна олтинни сотилгани ҳақидаги маълумотни яширилиши бўйича можаро вақтида тарқаган. Миллий банк ҳисоботига кўра, баҳоси 1,1 млрд доллар 19,2 тонна олтин «номаълум давлатга» экспорт қилинган. Президент Садир Жапаров маълумот махфийлигини «хавфсизлик мақсадида» деб тушунтирган.
Бироқ журналистлар олтин Швейцарияга сотилганини аниқлашган.
Парламентдаги бир қанча депутатлар олтинни сотилишини ва ўлканинг асосий олтин ишлаб чиқарувчи ишхонаси «Қумтор»нинг ишини текшириш учун махсус комиссия тузишни талаб қилишган. Комиссия тузилиб, депутатлар конга бориб, олтин ишлаб чиқарувчи фабрикада бўлиб қайтишган.
Садир Жапаров депутатлар комиссияси ҳақида изоҳ бериб, «Қирғизистон тарихида йиғилмаган миқдордаги олтин бугунги кунда йиғилиб, миллий банкда сақланмоқда» деб билдирган.
28-февралда миллий банкнинг расмий вакили Аида Карабаева банкда 46,7 тонна олтин борлигини маълум қилган.