Бишкекда қайта Кампирободни ҳимоя қилиб қамоққа олинганларни озод этиш талаби билан митинг ўтди

157

17-март куни Бишкекдаги Горький номли паркда Кампиробод сув омборини ҳимоя қилгани учун қарийб беш ойдан бери қамоқда ётган сиёсатчи ва фаоллар тарафдорлари «Озодлик ва адолат учун» митингга чиқишди.

Митинг аввалида Ақси воқеасида ҳалок бўлганлар хотирасига Қуръон ўқитилди. Бугун, 17-мартда фожиали воқеага 21 йил тўлди.

Намойишда 200 га яқин одам тўпланди. Иштирокчилар: «Сиёсий маҳбусларга озодлик!», «Кампирободчиларга озодлик!» дейишди. Улар плакатлар кўтариб, тинч митинглар ўтказишдаги чекловларни, «ноқонуний» ҳибсга олишни ва сўз эркинлигига босимни тўхтатишни талаб қилишди.

Иштирокчилардан бири эса бўш плакат билан митингга келди.

«Мен мамлакатда демократияни кўрмаяпман. Агар  ўз фикрингни билдирсанг, муаммо яратасан. «Шунинг учун мен бўш плакат билан чиқдим», деди у.

Келганларнинг барчаси яқинларининг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар борлигини айтиб, улар ҳеч бўлмаганда уй қамоғига олинишини сўрашди. Митинг бўлиб ўтган боғнинг ҳудудида инсталляция ўрнатилиб, иштирокчилар дарахт шохларига ҳукумат вакилларига ўз талабларини ёзиб илишди.

Кампиробод иши

2022-йилнинг октябрида Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 30га яқин фаол ва сиёсатчи қўлга олинган. Куч органлари уларга «Оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрган» деган айб қўйишган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва қўлга олинганларнинг яқинлари буни сиёсий таъқиб деб атаб, адолатли текширишни сўраб президентга мурожаат қилиб, бир қанча норозилик акцияларига чиқиб келишмоқда.

Тергов Кампирободни ҳимоя қилиш бўйича қўмитанинг учрашувидан ёзиб олинган аудиога таяниб, улар тўлиқ масштабли митингларни уюштириб (буни давлат қонунлари тақиқламайди), ҳукуматни босиб олишни исташган деб айтмоқда.

Бироқ қўлга олинганларнинг бари тергов айтаётган қўмитанинг учрашувида бўлмаган ва бари мазкур қўмитанинг аъзоси эмас. Аммо барча фигурантларнинг айблов хулосалари бир хил. Уларнинг ҳаммаси бир хил қарорлар асосида тўрт ойдан бери ТИЗОда ўтирибди.

2023-йилнинг январида ИИВ Кампиробод ишига тўлиқ яширин мақомини берган ва бу бундай қарор асоссиз деган адвокатларнинг норозилигига сабаб бўлган. 15-мартда Бишкек шаҳар суди махфийлик грифини қисман бекор қилган.