«Кумтор»даги коррупция иши бўйича қўлга олинганлардан 642 млн сом ундирилди. Бу ҳақда 16-мартда парламентнинг «Кумтор» бўйича депутатлар комиссиясининг ҳисоботини кўриб чиққан йиғинда бош прокурорнинг ўринбосари Умуткан Конкубаева билдирди.
Унинг айтишича, ҳозирда тўрт жиноят иши текширилмоқда, иш бўйича қўлга олинганлар ТИЗОда: «Кумтор Голд Компани»нинг собиқ ташқи бошқарувчиси Тенгиз Болтурук, компаниянинг молиявий бошқармасининг директори Рисбек Токтогулов, КГКнинг собиқ ижрочи директори Канат Курманов ва Руслан Енгаличев.
«Келтирилган зарар 1 млрд 146 млн сом, ундан 56%, аниқроғи 642 млн сом ҳозирда давлат фойдасига ундирилди. [...] Бу пул жиноий иш бўйича тергов давомида ундирилган», — деди у.
Конкубаева жиноий иш бўйича умумий тўққиз кишини гумондор деб саналаётганини қўшимча қилди. Аммо у қолган беш гумонланувчининг номини айтмади.
Бунга қадар президент Садир Жапаров «Кумтор» иши бўйича қўлга олинганлар давлатга келтирган зарарни тўлаши кераклигини, шундан сўнг судлар эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартиришни кўриб чиқса бўлишини айтган.
Бу ҳақда Жапаров Тенгиз Болтурукнинг ўтган йилнинг сентябридан бери ТИЗОда сақланиши бўйича берган изоҳида айтган. 10-мартда Октябрь туман суди Болтурукни уй қамоғига чиқаришдан бош тортиб, уни МХДҚнинг ТИЗОсида сақлаш муддатини 10-майгача узайтирган. Болтурукнинг аёли Илмира Алписбаева 13-мартда эрини озод қилишмаётгани сабаб очлик эълон қилган.
16-мартда парламент йиғинида депутатлар олтин қазиб олиш, «Кумтор Голд Компани»сининг Қирғизистонга ўтгандан буён фаолиятини таҳлил қилган вақтинчалик депутатлар комиссиясининг хулосасини тинглашган. Комиссия «Киргизалтин» ОҲЖ ва миллий банкда олтин қазишда, сотишда, сақлашда ва ташишда ўғирлик, сотилган олтиннинг сони ва сифатини нархини атайлаб ўзгартириш фактлари бўлмаган деган хулосага келган.
Комиссиянинг маълумотига кўра, 2023-йилнинг 23-январида олтин захираси 45 306,16 кг ташкил қилади. Унинг ичида миллий банкда 43 944,13 кг олтин сақланиб, қолган 1 362 кг олтин Швейцариянинг UBS AG тижорий банкида.
Депутатлар комиссияси 19 тонна олтин сотилиши билан боғлиқ можародан кейин тузилган. 2022-йилнинг август ойида қирғиз ҳукумати 2021-йили умумий нархи 1,1 млрд сом бўлган 19 тонна олтин сотилгани ҳақидаги маълумотни яширгани маълум бўлган. Президент Садир Жапаров маълумот «хавфсизлик мақсадида» махфий эканини тушунтирган.
Миллий банкдан олтин «Европа давлатларининг бирига» сотилганини тасдиқлаб, 2021 йили нақд доллар керак бўлиб, бунинг учун халқаро захирадаги олтинни сотиш қарорини қабул қилган деб билдиришган.
Бироқ журналистлар олтин Швейцарияга сотилганини аниқлашган.