Парламент депутатлари муштлашган ҳамкасби Абировни қандай ҳимоя қилишди?

230

12-мартда ижтимоий тармоқларда Бишкекдаги ресторанлардан бирининг кузатув камераларига Жогорку Кенеш депутати Жанибек Абиров қатнашган оммавий муштлашув тасвири ёзилиб қолган. Бош прокуратура халқ вакилини жавобгарликка тортиш бўйича парламентдан розилик сўраган. Бироқ Абировнинг айрим ҳамкасблари бу ерда бирор ёмон нарсани кўрмаганини айтишган.

«Эркакман деганларнинг барчаси муштлашиб юрган», — деб ҳисоблайди Абировни жавобгарликка тортишни ҳал қиладиган махсус комиссиянинг аъзоси, депутат Жусупбек Коргонбай ўғли.

«Жанибек Абиров ўзимнинг коллегам, Бишкек шаҳар кенгашида ҳам касбдош бўлганмиз. Энди кимни бошига тушмайди. Эркакман деганларнинг ҳаммаси ҳам муштлашиб юрган. Жамоатчиликка чиқишига камера тўсқинлик қилди шекилли. Жабрланувчи ҳам тезроқ тикланиб,  ишига ҳам муваффақият тилайман. Мен бугун эшитдим, у қарши аризасини қайтариб олиб, Абиров билан ярашибди», — деди Коргонбай ўғли.

Комиссиянинг яна бир аъзоси, депутат Фарход Алимжанов қирғизистонликлардан Абировни кечиришни сўраб, «ёш, келажаги бор сиёсатчи, бир хато сабаб» синиб қолмасин деди.

«Муборак Рамазон ойи олдидан, бир-биримизни кечиришимиз яхши иш деб ўйлайман. Ҳаммамиз одаммиз, ҳаммамиз хато қилишимиз мумкин», — деб ёзди Алимжанов.

Абировнинг хатоси ҳақида депутат Тазабек Икрамов ҳам фикр билдирди. «Абиров қилмишидан пушаймон […] Энди ёшликда. Ким адашмайди. Одам билан одам туртишиб, урушиб кетади деган нарсалар бор. Бу ерда Абировни олиб бориб қамаб, тергов қилишнинг ҳам ҳожати йўқ. Бироқ барибир терговнинг натижасини кутиш керак», — деди Икрамов.

Депутат ва собиқ бош прокурор Элмурза Сатибалдиев Абировнинг бундай ҳаракатини сабаблари бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.

«Мен ҳам эркакман, бундай нарса қандай юзага келишини яхши биламан, лекин Абировга қараб бундай иш қилади деб айтмас эдим», — деди Сатибалдиев.

Депутат Эмил Токтошев Абировни шунга етказган ёки унга таҳдид бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.

«Бу тўғри эмас ва этикага ёт, бироқ буни Абировнинг ўзидан ҳам сўраш керак. Балки, бунга ўзлари мажбур қилишгандир, балким ҳужум бўлган. Бизда қонунда ўзини ҳимоя қилиш деган нарса ҳам бор», — деди Токтошев.

Депутат иштирокидаги муштлашув

Милициянинг маълумоти бўйича, 12-март куни тунда «Олтин Аждар» ресторанида 7-8 кишидан иборат гуруҳ, уларнинг орасида Жанибек Абиров тезкор чора кўриш гуруҳининг икки ходимини «асоссиз» калтаклашган.

Муштлашув натижасида жабрланганларнинг бири қаттиқ жароҳат олиб касалхонага тушган. Жабрланувчининг бош мияси чайқалиб, кўзи, шикастланиб, бурни синган.

Депутатнинг бундай ҳаракатини президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев танқид қилиб, «бу хулқ бундай тоифадаги давлат ходимининг этика стандартларига тўғри келмайди» деб билдирган. Шунингдек, у Абиров иштирок этган муштлашувдан давлат раҳбари хабардор эканини айтган.

Муштлашувдан икки кун ўтиб, 14-март куни депутат қирғизистонликлардан кечирим сўраб Фейсбукка пост ёзган.

«Мен халқ вакили сифатида қандай ҳолат бўлмасин, ҳиссиётга берилмаслигим керак эди. Ҳа, мен катта хато қилдим, катта айб бўйнимда бор ва вазиятни изга солиш учун барча имкониятларимдан фойдаланишга тайёрман», — деб ёзган Абиров.

Лекин жабрланувчи аризасини қайтариб олиб, барча даъволаридан бош тортгани маълум бўлган.