Қишлоқ хўжалиги вазирлиги талабга жавоб бермаган 11 мол бозорига жарима солди ва вақтинчалик ёпди

181
Мол бозор. Сурат: Найзабек Мукамбетов / Kloop

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўлкадаги мол бозорларда ветеринар-санитар экспертиза ўтказди. Талабга жавоб бермаган 11 мол бозорга жарима солиниб, вақтинча ёпилди. Бу ҳақда 15-мартда вазирликнинг матбуот хизмати билдирди.

Маълумотга кўра, ўлка бўйича умумий 58 мол бозор рўйхатдан ўтса, вазирлик уларнинг 47сини текширди.

Бунгача 9-январда Вазирлар Маҳкамасининг раиси Ақилбек Жапаров Чуй вилоятининг Сўқулуқ туманидаги мол бозорнинг ҳолати билан танишиб, талабга жавоб бермаганини айтган.

У туман ҳокими Курбанбек Айтибаевни ишдан бўшатишни ва президентнинг Чуй вилоятидаги мухтор вакили Нурил Алимбаевга ҳайфсан беришни таклиф қилган.

Жапаров мол бозорга келиб кетгандан кейин бу ерда тартибга келтириш ишлари бошланиб, қум-шағал тўкилгани хабар қилинган. Кейинчалик мол бозор шошилинч вақтинча кўчирилгани айтилган.

Бу ерда яшаган турғунлар мол бозор тоза сув минораси жойлашган жойга яқин ерга жойлаштирилганини айтиб норози бўлишди. Бозорнинг етакчиси Иляс Жоробеков мол бозор қонуний кўчирилганини, барча органлардан рухсат олинганини айтган.

Ақилбек Жапаров ўтган йилнинг март ойида Вазирлар Маҳкамаси йиғинида ўлкадаги барча мол бозорларини тартибга келтириб, асфальт босишни топширган. У ўлкадаги мол бозорларнинг ҳолати ёмонлигини айтиб, асфальт босиш учун маҳаллий ҳукумат вакилларига бир ой вақт берган.

Муаллиф: Айгерим Бекбосун қизи