Депутат Тумонбаев тамаки стикларига солинувчи акциз солиғини ўзгартириш таклифини қайтариб олди

132

Депутат Ақилбек Тумонбаев тамаки таёқчалари (стиклари)га  акциз солиғи бўйича таклифни ортга қайтариб олди. Таклифда у ҳозирда доналаб ҳисобланган тамаки таёқчаларини килограммлаб ҳисоблашни илгари сурган эди. Бу ҳақда депутат Жогорку Кенешнинг 13-мартдаги йиғинида билдирди.

Аввалроқ унинг ҳамкасби Дастан Бекешев бу ташаббусни танқид қилиб, «бу ҳолда IQOS сигарет таёқчаларини ишлаб чиқарувчи компаниялар Қирғизистон бюджетига икки баравар кам солиқ тўлашини» айтган.

Тумонбаев эса уни нотўғри тушунганини, «аксинча, сигарет таёқларига солиқни ошириб, бюджетни кўпайтирмоқчи бўлганини» айтди.

«Менинг таклифим фақатгина давлатимиз бюджетига қўшимча даромад келтириш эди. [...] Мана тамаки бизда энг арзон. Шуларнинг солиғи озлиги учун ҳар йили акциз қўшилсин деган таклиф қилганман. Стик сигаретдан қисқа, кичикроқ бўлгани учун мен уни килограмм бўлишини таклиф қилдим. Ўша стикка қарабоқ бир компаниянинг ёки тамаки олиб келаётган Japan Tobacco’бу ёки Philip Morris’ми, шуларни “ҳимоя қилмоқда” деб бошқа томонга буриб юбординглар», — деб норози бўлди Тумонбаев.

Аввалроқ Дастан Бекешев Тумонбаевнинг тамаки стикларини донасига эмас, ҳар бир килограммига солиқ солиш таклифини танқид қилган. Бекешевнинг айтишича, IQOS стикларини ишлаб чиқарган компаниялар Қирғизистон бюджетига икки марта кам солиқ тўлаган бўларди, шу сабабли бу «айрим сиёсатчиларнинг оддийгина лоббиси деб ҳисоблаганини» билдирган.

Бекешевнинг қайд этишича, бу сиёсатчилар «электрон сигареталар оддий сигаретлар каби зарарли эмас деган фикрни яширмоқда». Бироқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари оддий сигареталар ҳам, электрон сигареталар ҳам соғлиқ учун бир хил даражада зарарли, деб ҳисоблашади.