«Яндекс.Такси»нинг ходимига таҳдид: Тўқмоқ шаҳар кенгашининг депутати қўлга олинди

183

«Яндекс.Такси»нинг офисида ходим қизни қўрқитган Тўқмоқ шаҳар кенгашининг депутати Кайрат Чокеев қўлга олинди. Бу маълумотни «Клооп»га Чуй ВИИБнинг матбуот хизмати тасдиқлади.

26-февралда шаҳар кенгашининг депутати Чолпон Сидикова видеомурожаат эълон қилиб, унда яқинда очилган компаниянинг офисидаги ходимларга нисбатан таҳдид бўлгани ҳақида хабар қилган. Унда Сидикова улар Тўқмоқ шаҳар кенгашининг депутатлари Кайрат Чокеев билан Зафар Абраимовлар эканини ҳам билдирган.

Милициянинг маълумотига кўра, шу куни Бишкекнинг Свердлов туман милициясига аёл киши ариза билан мурожаат қилган. Унинг айтишича, соат 16:00да Тўқмоқ шаҳридаги «Салтанат кейджи» фирмасининг офисига нотаниш одамлар кириб келиб, ходимларнинг бирини турткилаб, судраб чиқишган. Уни тан жароҳати етказамиз, офисни ёқиб юборамиз деб қўрқитишган.

«Фирманинг нарҳи 3000 сом бўлган реклама баннерини йиртиб, ходимларни Тўқмоқдан кетишга мажбур қилишган. Фактни Свердлов ТИИБи рўйхатга олган, бироқ ҳудудга қарашли Тўқмоқ шаҳар милициясига ўтказиб берилган», — деб билдиришди милициядан.

Чокеев 9-март куни қўлга олиниб, вақтинча сақлаш жойига киритилди. Тинтув вақтида ёнидан ўқ-дори топилгани маълум бўлди. Бунга қадар уни парламентнинг собиқ депутати Омурбек Текебаевни таҳдид қилишга алоқаси бор деган маълумот тарқалган.