Ўш шаҳридаги Аман Асранкулов номли тасвирий санъат музейининг етакчиси Алимбек Назеков Рассомлар иттифоқи «музейни ликвидация қилиш» қарорини қабул қилганини айтди. Бу иттифоқнинг вакили Жакшибек Жунушев 10-мартда «Клооп»га музей «қайта қуришдан ўтаётганини», экспонатлар иттифоқнинг Ўшдаги филиали фондига ўтказиб берилишини билдирди.
Нима бўлди?
Тасвирий санъат музейнинг етакчиси Алимбек Назеков «Клооп»га интервью бериб, мазкур музей 26 йил олдин Рассомлар иттифоқининг филиали бўлиб тузилганини, икки йилдан бери расмий турда Аман Асранкуловнинг номи билан ишлаётганини билдирди.
Назековнинг айтишича, Рассомлар иттифоқининг раҳбарияти муассасани «“таъминлай олмайди, шароит йўқ” деган сабаб билан ликвидациялаш» қарорини чиқарди.
Шунингдек, у Ўш шаҳридаги Рассомлар иттифоқининг 4 объекти ва ер участкалари борлигини айтиб, айрим биноларни иттифоқ аъзолари хусусийлаштириб олганини, биноларнинг ўрни эса иттифоқнинг балансида турганини таъкидлади.
«Рассомлар иттифоқи “уй қурган компанияларга сотамиз” деган сўз чиқарганда [аъзолар] бизга “биз гаплашдик, шу ерни бизга сотинглар” деб кела бошлашди. Биз “сотмаймиз, халқнинг қарори билан бўладиган нарса” деб, уч объектга ҳам “қизил китоб” қилдирдик. Кейин уларнинг мақсади амалга ошмай, биздан айб излаб, очиқ судга бера бошлашди. 2018-йилдан бери судлашиб келамиз», — деди музей раҳбари Назеков.
Шунингдек, у раҳбарият «масъулиятдан қочиб» қарор чиқараётганини, аслида сўнгги икки йилда муассаса ўзини-ўзи моддий томондан таъминлаётганини айтди.
«Халқ музей қуролмаётган бир пайтда, биз шунча тарихи бор музейни йўқ қилишимиз тўғри эмас. Бу музейда вафот этган рассомларнинг қанчалаган асарлари бор. Бу ерни ёпишга биз розилик бермаяпмиз. Музей [союзга] ўтгандан кейин ликвидация бўлади, қаерга борарди? Барча экспонатларни ҳар томонга тарқатиб юборишади», — деди етакчи.
Раҳбар ўзи ишлаган 4 йил ичида музейга қўшимча тўрт хона қурилиб, бироқ қурилиш якунланмаганини таъкидлади. Ҳозирда музей жамоаси ҳомийлар излаб, шароитларни яхшилашга ҳаракат қилаётганини қўшимча қилди.
«2005-2007-йиллар давомида Ўш вилоятининг маъмурияти музейга 2 миллион сом маблағ ажратган. Бундан ташқари, лойиҳадан 400 минг сом маблағ ютиб олганмиз. Бизда ривожланиш бор, биз бировдан бир тийин сўрамадик. Бизнинг лойиҳага кўра, музей янгидан таъмирланса, тагида расмлар галереяси, иккинчи қаватда музей экспонатлари жой олади», — деб билдирди Алимбек Назеков.
Сўзининг охирида у музейни ёпишга қарши эканини айтиб, президент Садир Жапаровга музейга ёрдам беришни сўраб хат йўллаб, ёрдам кутаётганини билдирди.
Рассомлар иттифоқи қандай фикрда?
Мазкур масала бўйича Рассомлар иттифоқининг вакили Жакшибек Жунушев 10-мартда «Клооп»га изоҳ бериб, музейнинг биноси Рассомлар иттифоқига қарашли бўлгани сабаб муассасанинг ўзида бино етишмаётганини айтди.
«Асли бу музей Рассомлар иттифоқининг Ўшдаги филиалининг биносида тузилган. Музей соат 10дан кечки 17гача ишлаб, кейин ёпилади. Биз уни музейга ўтказиб берсак, филиал ўзи биносиз қолади. Сабаби бу ерда кўп рассомлар [иттифоқ] тузилгандан бери келади. Музей бир вақтлар грант олиш учунгина тузилган эди, унинг ўрни бизнинг филиалга тўғри келмайди», — деб билдирди Жунушев.
Шунингдек, Жунушев мулкларни приватизация қилиш вақтида иттифоқ филиалининг айрим аъзолари хусусийлаштириб олган ер участкалари борлигини тасдиқлаб, бироқ музейнинг биноси ва бошқа ерлар иттифоқ тасарруфида эканини таъкидлади.
«Рассомчилар иттифоқи “уй қурувчи компанияларга ерларни сотади” деган маълумотлар нотўғри. Биз ҳеч қачон ўзимизни мулкни қурилиш компаниясига сотмаймиз, бу бизнинг иттифоқнинг мулки. Суд бўйича Назеков музейнинг раҳбари сифатида нотўғри сонлар кўрсатилган ҳужжатни имзолаган экан. Бир буюртма олганми ёки ўша ердаги Асадулла Жолдошев деган рассом иккиси “нотўғри ҳужжатлар билан ишлайди” деб судлашмоқда. Бу ишни ер участкаси билан алоқаси йўқ, уни биздан ҳеч ким ололмайди», — деб билдирди у.
Шунингдек, иттифоқ вакили музей тўлиқ ликвидация қилинмаслигини, бу ерга махсус икки кўргазма зали берилишини ва экспонатлар иттифоқнинг Ўшдаги филиалининг фондига ўтказиб берилишини қўшимча қилди.
«Музейнинг директори “ликвидация” деб ёзибди, бироқ бундай эмас. Биз музейни филиалнинг балансига “кўргазма зал” деб ўтказиб беряпмиз, бу аслида “қайта қуриш” дейилган. Бундан ташқари, музейга президент аралаша олмайди, сабаби бу ҳусусий рассомлар иттифоқининг мулки бўлиб саналади», — деди у.
Жунушев бундай қадамдан мақсад ҳудуддаги филиални рассомларнинг фаолиятини давом эттиришга шароит яратиш эканини таъкидлади.