Фаол Адилет Балтабайнинг яқинлари Олий суд олдида уни бўшатишни талаб қилишди

187

10-мартда Олий суд ва МХДҚнинг биноси олдида фуқаровий фаол Адилет Балтабайнинг тарафдорлари, яқинлари йиғилиб, уни озод қилишни талаб қилишди.

Фаолнинг тарафдорлари «Адилет Балтабайга озодлик!» деган плакатларни кўтариб туришди. Улар Балтабайни халқнинг тинчлигини бузадиган, тартибсизлик уюштирадиган чақириқлар қилмагани лингвистик экспертиза натижасида аниқланганини, бироқ шунга қарамай у 5 йилга қамалиб кетганини айтишди.

«Мени болам қамоққа олиниб, туҳмат қилиниб, ўзигина эмас, туғишганлари, биз ҳам азобланяпмиз. Яқинда бўладиган судда адолатли қарор чиқарилиши учун Олий суднинг олдига келдим», — деди фаолнинг онаси Сайкал Жунусова.

Кейин йиғилганлар МХДҚнинг биноси олдига бориб, Камчибек Ташиевга мурожаат қилиб, у билан учрашиш илтимоси ёзилган хат қолдиришди.

Адилет Балтабайнинг иши

Балтабай жорий йилнинг 30 июнида «Оммавий тартибсизликлар» моддаси бўйича қўзғалган жиноят иши доирасида қўлга олиниб, Бишкек шаҳар ИИБнинг вақтинча сақлаш жойига киргизилган.

Next TV телеканалининг эгаси Равшан Жеэнбеков «Клооп»га Адилет Балтабай охирги вақтда каналнинг мухбири бўлиб ишлаётганини айтган. У ҳам фаол Балтабаевнинг Фейсбукдаги постлари сўроққа чақиришга сабаб бўлди деган фикрини айтган.

Фаолнинг Фейсбукдаги баёнотлари орасидан 20-30 пост танлаб олиниб, экспертиза уларда оммавий тартибсизликларга чақириқ бор деган хулоса чиқарганини айтган. У ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини, ўзига нисбатан қўзғалган ишни сўз эркинлигига босим қатори баҳолашини таъкидлаган эди.

11-ноябрда суд Балтабайни айбдор деб топиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилган. Шу билан бирга суд уч йиллик пробация назорати билан уни суд залидан бўшатган.

2023-йилнинг 12-январида Бишкек шаҳар суди туман судининг қарорини ўзгартириб, фуқаровий фаолни беш йилга озодликдан маҳрум қилиб, суд залидан қамоққа олган.