«Рухий Мурас» участкасида суд қарори туфайли уйидан чиқарилган оила президентга мурожаат қилди

167

9-мартда ижтимоий тармоқларда милиция «Рухий Мурас» янги участкасида бир оила мажбурлаб уйидан чиқарилаётган видео тарқади. Воқеа 7-мартда содир бўлган.

Уй эгасининг ўғли яқинлари бу уйда 2005-йилдан бери яшашини айтди. Ёш йигит оиласини «суднинг адолатсиз қарори сабаб» кўчиришяпти деб ҳисоблайди. У президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, воқеани текширишга ёрдам сўради.

«Бунга қўшниларимнинг бари гувоҳ. Кийим-кечакларимиз билан чиқариб, уйни ёпиб қўйди. Ичига атайлаб қоровул қўйишди. Ўзимизнинг уйга ўзимиз киролмаймиз. Икки болам ва ота-онам бўлиб қўшнилар тиклаб берган бўз уйда мажбур яшаяпмиз», — деди у.

Уй эгаси оиласи билан фирибгарларнинг тузоғига илинганини айтди. Шунингдек, бунга қадар давлат органларига ёрдам сўраб мурожаат қилиб, лекин ҳеч қандай реакция бўлмаганини ҳам қўшимча қилди.

«Керак бўлса, [бош прокурор] Курманкул Зулушевга, президентга ҳам ариза билан мурожаат қилганмиз, бироқ ҳеч қандай натижа йўқ. Мана охирги натижа, кеча шундай қилиб кўчада қолдик. Об-ҳаво ўзгаряпти, мени олти набирам бор. Уларнинг бари кўринган ерда [яшаяпти], яхши халқ бор экан, шуларга раҳмат. Туни билан биз билан бўлишди. Шундай аҳволдамиз», — деб билдирди уйнинг эгаси.

Олий суддан бу воқеага реакция қилиб, оила нима сабабдан уйидан чиқарилганини айтиб беришди. Суднинг матбуот хизматининг маълумотига кўра, оила Октябрь туман судининг 2013-йил майдаги чиқарган қарори асосида уйидан чиқарилган.

Бошида суд оиладан 574 минг сом қарзини ундириш қарорини чиқарган. Бироқ кейинчалик суд орқали мурожаат қилган фуқаро бу суммани 660 минг сомга кўпайтирган.

2018-йили ариза берувчи суддан қарзни ундириш усулини ўзгартиришни ва қарз бўлган томондан уйини тортиб олиб, уларни кўчириб чиқаришни сўраган. Олий суднинг маълумоти бўйича, уйдан чиқараётганда оила аъзолари милицияга қаршилик кўрсатгани сабаби уй эгаси қўлга олинган.

«Қарз бўлган кишининг боласи билан аёли қаршилик кўрсатишди. Улар тушунтириш ишларидан кейин уйдан чиқарилиб, қўшниларининг уйига сақлаш учун олиб кетган уйдаги барча буюмларнинг рўйхати тузилган. Шунингдек, қарзини тўламаган томонга керакли буюмлари ҳам берилган. Натижада бўш қолган уй даъвогарга ўтказиб берилиб, янги қулф солинган», — деб билдиришди Олий суддан.

Бу Бишкек четидаги уйдан кўчириш бўйича резонансли бўлган биринчи воқеа эмас. 3-мартда Ак-Ордо янги участкасида Марал Шаболотованинг уйини қўшниси буздириб юборган. У эри ва вояга етмаган тўрт боласи билан яшаган. Шаболотова ер участкасини талашиб қўшниси билан 2018-йилдан бери судлашиб, 2022-йилнинг октябрида Олий суд қўшнисининг фойдасига қарор чиқарганини, у уйни сурдириб юборганини айтган.

Тўрт болали аёл президент ва ҳамюртларидан ёрдам сўраб мурожаат қилиб, бошқа борадиган жойи йўқлигини айтган. Кўп ўтмай Ак-Ордо участкасига президент ўзи бориб, шу ерга янги уй қуриб беришни топширган.

Шунингдек, давлат раҳбари ўзининг Чуй вилояти бўйича вакили Нурил Алимбаев билан Сўқулуқ тумани ҳокими Курманбек Айтибаевни ер амнистиясини бажариш иши бўйича иши қониқарли бўлмагани учун ишдан бўшатган.