10-мартда Бишкекда пойтахтдаги бозорларнинг сотувчилари назорат касса-машиналарини (НКМ) мажбурий киритилишига ва электрон товар транспорт бирлашмасидан (ЭТТК) фойдаланишга қарши норозилик акциясига чиқишди. Уларнинг айримлари Талас ва Иссиқкўл вилоятларидан келганини айтишди.
ОАВнинг маълумотига кўра, Горкий номидаги боғда митингга 200-300га яқин киши келди. Сотувчилар чакана савдо қилганларга солиқнинг патент тизимини қолдиришни талаб қилмоқда. Шунингдек, улар ҳукумат тайёргарлик йўқлиги боис НКМни киритишга мораторий киритишни таклиф қилди.
“[Вазирлар маҳкамаси етакчиси] Акилбек Жапаров бизни контрабандачилар деб атади. Бироқ агар у ҳақиқий контрабандачиларни кўришни истаса, унда давлат идораларининг кабинетларини қарасин. Улар ўша ерда ўтиришади. Биз қонунни ҳурмат қилган одамлармиз, пешона теримиз билан пул топяпмиз. Давлат бизга ёрдам бериш ўрнига қўшимча қийинчилик яратиб, ҳаётимизни оғирлаштирмоқда», — деди норозилик акциясининг иштирокчиси.
Митингга чиққанларнинг олдига Вазирлар маҳкамаси бошчисининг биринчи ўринбосари Адилбек Касималиев ва Давлат солиқ хизматининг вакиллари келишди. Улар митингга чиққанлар олдига чиқиб, саволларига жавоб беришди. Бироқ митингга келган савдогарлар президент билан учрашишни талаб қилишди.
Куни кеча Таласда шундай талаб билан 500га яқин савдогарлар митингга чиқишган. Улар ҳам президент Садир Жапаровга НКМни киритишга 5 йилга мораторий киритиш илтимоси билан мурожаат қилишган.
Кичик ва ўрта бизнесдаги тадбиркорлар Қирғизистоннинг турли шаҳарларида НКМни мажбурий киритишга қарши митингларга чиқишган. Тадбиркорлар НКМдан ташқари электрон товар транспорт бирлашмаси (ЭТТК) киритилишига қарши чиқишган. Бизнес вакиллари ЭТТК тизими тўлиқ ишлаб чиқилмагани сабаб ундан фойдаланишда қийинчиликлар бўлмоқда, деб норози бўлишган.
2023-йилнинг 1-январидан бошлаб ЭТТКни товар алмашинувидаги барча субъектлари қўшилиши керак. Февралнинг охирида Солиқ хизмати 2023-йили тадбиркорларда муаммолар бўлгани учун ЭТТКдан фойдаланмаган тадбиркорларга жарима солинмаслигини билдирган.
Вазирлар маҳкамасининг бошчиси Акилбек Жапаров сўнгги интервьюсида ҳукумат зарур бўлса НКМни бозорларга киритмай туриш имкониятларини кўриб чиқамиз деган. У бозордаги савдогарларга 1-апрелгача муддат берилганини қўшимча қилган. Шунингдек, Жапаров НКМ билан ЭТТКга қарши чиққанлар «ноқонуний товарларни катта миқдорда олиб кирганлар» деб билдирган.