МТРКнинг бош раҳбари алмашди. Кайрат Иманалиевнинг ўрнига Болотбек Тиллебаев келди

161

Миллий телерадиоэшиттириш корпорациясининг бош директори Кайрат Иманалиев хизматидан бўшатилиб, ўрнига Болотбек Тиллебаев тайинланди. Тегишли буйруққа 9-мартда президент Садир Жапаров қўл қўйди.

Президент маъмуриятининг маълумотига кўра, Иманалиев бошқа лавозимга ўтганлиги муносабати билан хизматдан кетган. У МТРКга 2022-йилнинг июнь ойидан бери бошчилик қилган.

Болотбек Тиллебаев 51 ёшда. У узоқ вақтлардан бери МТРКда турли позицияларда ишлайди. Яқинда директорнинг техник масалалар бўйича ўринбосари бўлган. Бунга қадар у бир неча бор корпорациянинг раҳбарлик лавозими учун танловда қатнашган.

«Вечерний Бишкек» нашри Тиллебаев 2014-йили МТРКнинг назорат кенгашининг аъзоларига пора беришга уринганликда айбланганини ёзган. Тиллебаев бу ишни «қора пиар» деб атади ва шаънига, қадр-қимматини ҳақорат қилгани учун судга беришини айтган.