Тўқтағул туманининг турғуни ҳудудий касалхонада икки ойлик ўғлига нотўғри укол қилиниб, қўлининг тирсагидан пасти ампутацияланганини айтди. Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Клооп»га мазкур воқеа бўйича текширув ишлари бошланганини билдирди.
Нима бўлди?
Жабрланувчининг отаси Тўқтағул туманинг 25 ёшли турғуни Анарбек Уланбек уулу «Клооп»га интервью бериб, ўғли сариқ касаллиги билан оғриб, 2-февралда туман касалхонасининг жонлантириш бўлимига ётганини билдирди.
У шифокорлар уколни ўғлининг қўлидаги томирга эмас, тери остига қилган деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, натижада ўғлининг қўлини тирсакдан пасти кесилиб, ампутация қилишга мажбур бўлди.
«13-февралда эрталаб Жалдаги касалхонага келганмиз. Туман касалхонасида сариқ касаллиги дейилган экан, бироқ бола Бишкекка келиб қўли сабаб яна жонлантириш бўлимига тушиб қолди. Шифокорлар “қўли доридан куйиб қолибди” дейишди. Кўп ўтмай, 19-февралда қўлини кесишди. Бу ерга сариқ касали билан келган бола қўлидан [айрилди]», — деб билдирди у.
Шунингдек, у ҳозирда Тўқтағул туман касалхонасининг шифокорлари жавобгарликни ўз бўйнига олмаганидан норози эканини таъкидлаб, улардан компенсация тўлиб бериши кераклигини ва ишдан бўшатишларини талаб қилишини айтди.
«Ҳеч нарса деёлмай қолдик. Тўқтағулнинг шифокорлари ҳеч нарса деб ёзишмайди, қўнғироқ қилишмайди. Судга берсак, “биз адвокат ёллаб олдик, пулини тўлаб қўйдик, осон қутилиб кетамиз” деб одамни ғазаблантиришади. Уларнинг айби борда, улар [укол] қиляпти. Агар уларда жавобгарлик бўлса, ўзлари судга келиб, “шундай бўлган, биз хато қилдик” деб айтса бўлади. Молни даволагандай даволашаркан», — деди Анарбек Уланбек уулу.
Милиция нима дейди?
Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармасидан «Клооп»га Анарбек Уланбек уулу туман прокуратурасига касалхона шифокорларига нисбатан шу йилнинг 24-февралида ариза билан мурожаат қилганини билдиришди.
Мазкур иш Тўқтағул туман ИИБнинг электрон журналига рўйхатга олиниб, терговгача текширув ишлари бошланган.
Маълумотга кўра, текширув давомида воқеага алоқаси бор Тўқтағул туман касалхонасининг шифокорлари ва ҳамширалари гувоҳ сифатида сўроқ қилиниб, беморнинг ҳолати аниқланган.
Тўпланган материаллар 6-март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги суд-тиббий экспертиза марказига берилиб, суд-комиссияси экспертиза тайинланди. Ҳозирда мазкур факт бўйича Тўқтағул туман ИИБи текишрув ишлари олиб бормоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизматидан мазкур воқеа бўйича хизмат текшируви олиб бориш учун комиссия тузилганини билдиришди. Натижаси бўйича қўшимча маълумот берилиши айтилди.
Тўқтағул туман касалхонасининг маъмурияти «Клооп»га текширув ишлари бораётгани сабаб изоҳ беришдан бош тортди.