Кампиробод иши: Фаол Перизат Суранова касалхонадан чиқди

224

Кампиробод иши бўйича гумонланувчи Перизат Суранова жарроҳлик амалиётидан сўнг шифохонадан чиқарилган. Ҳозирда у уйда, деб ёзади «Азаттиқ» бу ҳақда унинг адвокати Жанишбек Бараковга асосланиб.

Суд қарорига кўра, Суранова 20 апрелга қадар уй қамоғида бўлади.

Фаол ТИЗО-1дан Чуй вилоят касалхонасига ўтказилган. Бундан олдин у касалхонага ётқизишни сўраган ва қамоқхонадан бир нечта хат ёзган. Сурановага «бачадон миомаси» ташхиси қўйилиб, жинсий аъзодаги ўсмалар ёрилиб кетса, кўп қон йўқотиши, ҳаёти хавф остида қолиши айтилган.

Сурановадан ташқари Кампиробод иши бўйича бошқа айбланувчилар ҳам касалхонага ётқизилди. Улар, шунингдек, бир неча ой ҳибсда ўтиргандан кейин касалхонага ётқизилган. Масалан, Конституциявий суднинг собиқ судьяси Клара Сооронкулова, мухолифатчи Равшан Жеэнбеков ва собиқ депутат Орозайим Нарматовалар ҳам шифохонада даволанмоқда.

Октябрь ойи охирида Перизат Суранова бошқа фаоллар ва сиёсатчилар қаторида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилгани учун ҳибсга олинган эди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни «оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрганликда» айблади. Айримларига нисбатан бошқа жиноий ишлар қўзғатилган.

Ҳибсга олинганларнинг аксарияти Бишкекдаги ТИЗО-1да сақланмоқда.

Ҳибсга олинганларнинг ҳаммаси эса ўзларининг айбсиз эканликларини, уларга нисбатан очилган ишлар «тўқима» эканини айтишади. Улар, шунингдек, Кампиробод бўйича ўз позицияларини очиқ баён қилганликлари учун жиноий жавобгарликка тортилаётганига ишонишади.

2023-йил январь ойида Ички ишлар вазирлиги Кампиробод ишига мутлақо махфий мақом берди, шунинг учун барча суд мажлислари айбланувчиларнинг қариндошлари, журналистлар ва кузатувчилар иштирокисиз ёпиқ тартибда ўтказилмоқда.

Бироқ президент Садир Жапаровнинг айтишича, унинг сиёсий рақибларига қарата босим йўқ. Унинг сўзларига кўра, Кампиробод иши бўйича айбланаётганлар «тўнтаришни режалаштиргани учун тўғридан-тўғри қамоққа тушганлар». Бундан ташқари, президент бу иш бўйича суд ишига ҳеч ким аралашмаганини билдирган.