200 сом кам, 1000 бер. Бишкекда пора талаб қилган патруль милиция ходими ишдан бўшатилди

157

Ижтимоий тармоқларда ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун патруль милиция ходимига пора бераётгани акс этган видео тарқалди. Натижада, 5-март куни ходим ва унинг етакчиси ишдан бўшатилди.

Видеода милиция ходими ҳайдовчини йўл қоидасини бузгани учун тўхтатганини кўриш мумкин. Йигит эса ходимдан протокол тузмасликни илтимос қилиб, 200 сом таклиф қилган. Аммо милиция ходими 1000 сом талаб қилган.

Пулни олгандан кейин ходим видеога олинаётганини сезиб, қайта йигитга пулни қайтариб, протокол туза бошлаган. Бир оздан кейин у пул олганини рад этиб, ҳайдовчи билан талаша бошлаган.

ИИВдан видеодаги ходим патрул милициясининг кичик инспектори, старшина Чингиз Курманбеков эканини айтишди.

«У хизмат вазифаларини виждонан бажармагани учун ишдан ҳайдалди. Қўл остидаги ходимларини ёмон бошқаргани учун милициянинг кичик лейтанати Мирлан Жексимбеков ҳам ишдан олинди », — деб билдиришди ИИВдан.

Шунингдек, командирнинг ўринбосари, Кумушбек Молдобеков эгаллаган лавозимидан туширилган бўлса, яна бир ўринбосари Тилекмат Молдобаев жиддий хайфсан олди.