ЖК таълим вазирлиги лавозимига Канибек Иманалиев номзодини тасдиқлади

129

Канибек Иманалиевни таълим ва фан вазири лавозимига тайинлаш тўғрисидаги қарор Жогорку Кенешда қўллаб-қувватланди. У 24-февралдан бошлаб таълим вазири лавозимини эгаллаб келаётган эди.

Иманалиевнинг тайинланиши учун 77 депутат овоз берган. Депутатлар овоз бериш олдидан бир неча соат Иманалиевга берган саволларига жавобларини тингладилар.

Канибек Иманалиев бу хизматга Уланбек Мамбетакуновнинг ўрнига келди. Мамбетакунов вазирлик вазифасига 2022-йилнинг октябрида келган эди. Унинг нима сабабдан хизматдан кетгани номаълум. Президент парламентдаги вакили Алмасбек Абитов депутатлардан бирининг саволларига жавоб берар экан, вазирлик раҳбари ўзгариши сабабини изоҳлашдан бош тортди ва президент кадрларни ўзгартиришга ҳақли эканини таъкидлади.

Мамбетакуновнинг ўзи эса фейсбук саҳифасида нима бўлишидан қатъий назар таълим тизимида қолишини ёзди ва унга ишонган барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.

Канибек Иманалиев публицист, Жогорку Кенешнинг тўртинчи чақириқ депутати бўлган. Шунингдек, у бир қанча юриш ва тинчлик митингларда қатнашган. Масалан, 2020-йилда Конституцияга ўзгартириш киритишга қарши чиқишларда иштирок этган.