Жогорку Кенеш депутати Тазабек Икрамов эмизикли боласи билан панжара ортида ўтирган Аида Исаковага шафқат қилиб, ёрдам беришни таклиф қилди. Бу ҳақда у парламентнинг 1-мартдаги йиғинида айтди.
«Давлат томонидан қарзини тўлашга ёрдамлашиб [қўйсак]. Бизда аёлларни доим ҳурсат қилинган. Адашмаган одам йўқ, шафқат қилсангиз», — деди у спикер Нурланбек Шакиев, президентнинг ва вазирлар маҳкамасининг Жогорку Кенешдаги доимий вакили Алмасбек Абитовга юзланиб.
28-февралда адвокат Замир Жоошев фейсбук саҳифасида суд залидаги панжара ортида эмизикли боласи билан ўтирган аёлнинг суратини жойлаган эди.
У 35 ёшли Аида Исакова экани айтилган. У «Дордой» бозорида ишлаб юриб яна бир аёлдан йиллиги 144% устама билан қарз олгани маълум қилинган. Бироқ қарзини тўлиқ тўлай олмай ҳомиладор бўлишига қарамай, ТИЗОга тушган.
2022-йилнинг декабрида Бишкекнинг Свердлов туман суди уни 6 йилга озодликдан маҳрум қилган. Бироқ адвокатлар суднинг қарори устидан Бишкек шаҳар судига шикоят қилган.
«Бу ноқонуний, сабаби судья Акилбек Адимов жазо муддатини суриб, боласи 14 ёшга тўлмагунча қамоққа олмаслиги керак эди», — деб айтган Жоошев 2-февралда шаҳар судидаги мажлисдан кейин.
Унинг айтишича, аёл 15-февралда туғруқхонада назорат остида кўз ёриб, кейин яна ТИЗОга етказилган.
Бишкек шаҳар суди бу иш бўйича 2-мартда ҳукм чиқариши кутилмоқда. 28-февраль куни судда жабрланган томоннинг сўзлари эшиттирилган.
Жоошев айбланувчининг уйида яна олти нафар ёш боласи борлигини айтиб, адолатли қарор кутишини қўшимча қилган.
Ҳозирда ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги кодексга кўра, ҳомиладор ва қарияларни қамоққа олинмайди.
2023-йил бошида депутат Дастан Бекешев ҳомиладор аёлларни ва кексаларни қамоққа олишни тақиқлаган қонун лойиҳасини таклиф қилган. Бундай нормани халқ вакили Жиноят-процессуал кодексига киритишни таклиф қилмоқда.