Энергетика вазирлиги ва Британиянинг MINDDOCK LIMITED DBA Enterprise Energy Investments компанияси Юқори-Норин ГЭС каскадини қуриш бўйича меморандумга қўл қўйди. Бу ҳақда 1-мартда вазирликнинг матбуот хизмати билдирди.
Маълумотга кўра, томонлар меморандумга ГЭС каскадини қуриш бўйича лойиҳани биргаликда амалга ошириш учун ўзаро тушуниш мақсадида имзолашди.
«Меморандум имзоланган кундан бошлаб 2023-йилнинг 15-апрелигача кучида бўлади. Агар томонлар меморандумга кўра, мажбуриятларини бажармаса, кўрсатилган куни автоматик равишда кучини йўқотади», — деб таъкидлашди вазирликдан.
Энергетика вазири Таалайбек Ибраев электр энергиясидан фойдаланаётганларнинг сони ортаётганини айтиб, ГЭС каскадини қуриш электр энергиясига бўлган танқисликни бартараф қилишнинг бир қисми эканини билдирди.
Вазирликдан Юқори-Норин ГЭС каскади ўзига 4 гидроэлектр станциясини (Акбулун, Норин-1,2,3) бирлаштиришини таъкидлашди. Уларнинг умумий қуввати 237,7 МВт бўлса, йиллик ўртача ишлаб чиқиши 942,4 млн кВт/с ташкил қилади.
Юқори Норин ГЭС каскади
Юқори Норин ГЭС каскади — қирғиз ҳукуматининг узоқ муддатли энергетика лойиҳаси. Унинг қурилиши Алмазбек Атамбаев президент бўлган вақтда, 2012-йили «РусГидро» билан биргаликда бошланган. Лойиҳа амалга оша бошлагандан кейин бир неча йил ўтиб, қурилиш битмагани учун қирғиз ҳукумати россиялик компания билан бўлган шартномадан чиқиб кетган.
Атамбаевнинг айтишича, қирғиз ҳукумати «Россияда иқтисод ва ёқилғи арзонлаб кетгани учун» шундай қилишга мажбур бўлган. «РусГидро» шартнома бекор қилинганига жавоб сифатида лойиҳага киритилган 37 млн долларни қайтаришни талаб қилган.
Шунингдек, қирғиз ҳукумати «РусГидро»нинг зарарини тўлаб, ГЭС қурилишини битириб берадиган инвесторларни излай бошлади. 2017-йили лойиҳага Чехиянинг Liglass Trading компанияси қизиққан, бироқ шартнома бузилган, сабаби инвестор Қирғизистоннинг «РусГидро»дан қарзини ўз вақтида тўлаб беролмаган.
2018-йили ноябрда «РусГидро» компанияси Қирғизистонни Гаага судига бериб, бир ойдан кейин ўзининг «Юқори Норин ГЭС» ЁҲЖдаги барча улушларини 2,5 млн сомга сотишини билдирган.
2019-йили «РусГидро»нинг раҳбарияти ҳозирча ГЭС каскадини қурилишини давом эттириш учун келолмаслигини айтишган. Бироқ инвесторларни топишга ёрдам беришини таъкидлаган.
ГЭС каскадини қуришдани можаро
«РусГидро» Қирғизистондан 37 млн долларни қайтариб беришни талаб қилганда, 2016-йилнинг февралида парламент депутатлари қурилишни бориши билан танишмоқчи бўлган.
Қурилаётган объектларни кўрган халқ вакиллари бажарилган ишларга 37 млн доллар кетганига ишонмай, лойиҳанинг реал баҳоси қимматлатиб юборилгани ҳақида айтишган.
«Клооп»нинг журналистлари «Юқори Норин ГЭС» ЁҲЖнинг 29 тендер ҳужжатини текшириб чиқиб, Қирғизистон билан «РусГидро»нинг қўшма корхонасининг шартномалари доим бир кунлик фирмаларга ёки «РусГидро»нинг филиал компанияларига ўтказиб берилганини аниқлашган.
Масалан, ГЭСларни қуриш бўйича тендерларнинг бирини Россиянинг «ЛенГидроСтрой» компанияси ютиб олган — бу «РусГидро»нинг филиал ишхонаси. Компания ўз хизмати учун қанча пул олганини кўрсатган аниқ рақам йўқ. Турли нархлар бўйича «ЛенГидроСтрой»нинг тендердан топган даромади 117,6 миллиондан 669 млн сомни ташкил қилган.