Лайлак: Солиқ ходими мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда гумонланиб қўлга олинди

147

Давлат солиқ хизматининг Баткен вилояти Лайлак тумани бўйича бошқармасининг бош нозири «лавозим ваколатларидан фойдаланишда» гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда 28-февралда МХДҚнинг матбуот хизматидан билдиришди.

Маълумотга кўра, гумондор режали текширув вақтида ишхонага давлатга келиб тушувчи «катта миқдордаги» солиқ миқдорини камайтиришга кўмаклашган.

«У қишки дизел ёнилғисига бўлган акциз солиқ ставкасини ҳисобга олмай, бир тоннаси учун 5 минг сом эмас, 400 сом деб кўрсатган. Натижада давлат бюджетига катта миқдорда зарар келтирилган», — дейишди махсус хизматдан.

МХДҚдан гумонланувчи келтирилган зарарни тўлиқ тўлаганини билдиришди. Ҳозирда бу ишга солиқ хизматида ишлаган бошқа ходимларнинг ҳам алоқаси бор-йўқлиги аниқланмоқда. Гумондордан солиқ миқдорини камайтиришни сўраган ишхона вакилларига чора кўрилади.

25-январда давлат бюджетига 52 миллион сомдан ортиқ зарар келтиришда гумонланиб солиқ хизматининг вакили қўлга олинган. У солиқ идораларида бошқа бир одамни хусусий тадбиркор сифатида қалбаки рўйхатдан ўтказиб, кейин унинг номидан яширин иқтисодий ишларни амалга оширгани маълум бўлган.

Муаллиф: Айгерим Белек қизи