Акилбек Жапаров: Чегарадан кирмоқчи бўлганларни қайтаришга қудратимиз етади

112

Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров Қирғизистон чегара орқали кирмоқчи бўлганларни қайтаришга тайёрлигини билдирди. У Боткенга иш сафари билан борганда ўлкага янги техникалар келганини айтди.

«То Боткенда тинчлик бўлмагунча, Боткен ривожланмагунча – барча меҳнатимиз, саъй-ҳаракатларимиз шу ерда бўлади. Тинч яшашни истасангиз, ҳар доим ҳамма нарсага тайёр бўлинг. Биз армиямиз ва чегараларимизни мустаҳкамлаймиз. [...] Барча янги техникалар келди», — деди у.

Бироқ Жапаров мамлакатга қандай техника ва қуроллар олиб келингани, уларнинг миқдори ва қанчага сотиб олингани ҳақида маълумот бермаган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг раиси уйлар қурилиши тез орада якунланса, йўллар қуриш, кўчаларни ободонлаштириш, ёритиш ишларини бошлаш зарурлигини қўшимча қилди.

Қуролли тўқнашувда вайрон бўлган 332 та уй янгидан қурилиб фойдаланишга топширилгани, қолган 86 та уйнинг қурилиши март ойи охиригача якунланиши маълум қилинган.

Қуролли кучлар қудратини баҳоловчи Global Firepower таҳлилий марказининг 2023-йилда эълон қилинган рейтингида Қирғизистон 107-ўринни  эгаллаган.

Ўтган йили Қирғизистон худди шу рейтингда 90-ўринни эгаллаган эди.

Янгиланган рейтингда қўшни Ўзбекистон 62, Қозоғистон эса 63-ўринни эгаллади. Туркманистон 82-ўринни эгаллаган бўлса, Тожикистон 120-ўринни қўлга киритди.

Ўтган йилларда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Чегара хизмати давлат чегарасини қўриқлаш учун янги ҳарбий техникалар билан таъминланди. ФВВ учун ҳам янги техникалар харид қилинган.

Чегарада қуролли можаро

2022 йил 14-17 сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида кенг кўламли қуролли тўқнашув содир бўлган. Ҳар икки давлат қуролли можарода бир-бирини айблаган.

Тўқнашув вақтида Боткен вилоятининг чегарадош ҳудудларида яшовчи 130 мингдан ортиқ одам уйларини ташлаб, хавфсиз жойга кўчирилган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, отишма оқибатида 63 киши ҳалок бўлган, 206 киши жароҳатланган.

Тожикистон ҳукумати можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилган. Аммо «Озоди радиоси» ўз шахсий манбаларига таяниб, ҳалок бўлганлар сони 83 нафарни ташкил қилганини ёзди.

Вазирлар маҳкамасининг сўзларига кўра, Боткенда можаролар оқибатида 661 та уй вайрон бўлган, улардан 422 таси яшашга яроқсиз, 238 таси таъмирга муҳтож. Шунингдек, 14 та мактаб, 5 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 15 та маъмурий бино, битта кўприк, 337 та сарой ва 61 та автомобил вайрон бўлган.