Ўтган йили Боткенда қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можарода ўқ теккан Максат қишлоғининг 38 ёшдаги яшовчиси Муҳаббат Рахмонбердиева ёрдамга муҳтож. Унинг ҳозирги ҳолидан «Бишкек24» нашри хабар олиб қайтди.
Рахмонбердиева айни вақтда ота-онаси ва тўрт нафар боласи билан Бишкекнинг Ак-Жар участкасидаги уйда яшайди. Ўтган йили қуролли можародан қочаётганда снаряд портлаб, эри вафот этган. Ўзининг оёғи 4 марта операция қилиниб, ётиб қолган.
Муҳаббатнинг отаси Турдикул Рахмонбердиев куёви вафот этгандан бери қизи тўрт боласи учун ёрдам пули олмаётганини айтди. Ҳозирда пул йўқлиги сабаб набиралари мактабга бормайди.
Посмотреть эту публикацию в Instagram
«Қизимнинг чап оёғига икки марта ўқ тегиб, суяги синиб, ярадор бўлиб қолиб кетган. ФВВнинг аскарлари боролмай, икки кундан кейин қишлоқнинг эркаклари бориб олиб чиқишди. [...] Қизим, тўшакка михланиб қолган, онаси иккимиз қараймиз. Ҳозир буларга уй керак, тўрт ёш боласи бор», — деб қизи ҳақидаги гапириб берди у.
Рахмонбердиев қизи эпилепсия касаллиги билан рўйхатга олиниб, 3 минг сом ёрдам пули олишини қўшимча қилди. Бироқ бу пул оилани тебратишга етмайди.
«Оиласида ишлаб пул топадиган ҳеч ким йўқ. Уйи Максат қишлоғида, чегарадош ҳудудда. Ўтган йили бузиб, янгилаймиз деб, деворини тиклаб, томини ёпган бўйича қолди. У ерда яшашни имкони йўқ. Бирор нарса бўлса, ногирон, болаларини олиб қочолмайди», — деди у.
Муҳаббат Рахмонбердиевага ёрдам беришни истаганлар қуйидаги банк ҳисобига маблағ ўтказишлари мумкин:
- Элкарт — 9417 0894 4120 5268 (Турдикул Рахмонбердиев);
- Элкарт — 9417 0894 4061 2324 (Муҳаббат Рахмонбердиева);
- Алоқа учун телефон рақами: 0222 94 26 26 (отаси).
Чегарадаги қуролли можаро
2022-йили қирғиз-тожик чегарасида 14-17-сентябрда тўлиқ кўламда қуролли тўқнашув бўлган. Отишув давлат чегарасининг барча периметрида бўлган. Қуролли можаро вақтида Баткен вилоятининг чегарадош қишлоқларида яшаган 130 мингдан ортиқ одам уйини ташлаб, хавфсиз жойга кўчирилган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, отишув натижасида 63 киши ҳалок бўлиб, 206 одам жабрланган.
Тожик ҳукумати тўқнашувда 41 тожик фуқароси ҳалок бўлиб, 20дан ортиқ одам жабрланганини билдирган. Бироқ «Озоди Радиоси» шахсий манбаларга таяниб, қурбонлар сони 83 киши эканини ёзган.
Вазирлар маҳкамасининг маълумотига кўра, жанжал оқибатида Боткенда 661 уй зарар кўрган, уларнинг 423таси яшаш учун яроқсиз ҳолда, 238 таъмир талаб. Шунингдек, 14 мактаб, беш соғлиқни сақлаш муассасаси, 15 маъмурий бино, бир кўприк, 197 турар-жой, 337 сарой ва 61 автомашина вайрон қилинган.
22-сентябрда президент Садир Жапаров совуқ тушгунча қисқа вақтда зарар етказилган уйларни таъмирлашни, тўлиқ бузилган уйларни эса қайта қуришни топширган.
Бироқ боткенликлар ҳукумат бугунги кунгача уларнинг уйларини тиклаб бермаганини айтиб норози бўлишди. Қайта тиклаш ишлари суст бораётгани парламентда ҳам айтилиб, қурилиш компаниясини текшириш кераклиги таклиф қилинган. Бунга давлат қурилишнинг собиқ бошчиси Нуртажин Жетибаев ҳукумат «Аманат Курулуш Инвест» директорини тополмаяпти деб жавоб берган.
2023-йилнинг январь ойини ярмигача ҳукумат бузилган 400 уйдан 45тасини қуриб берган.