Олмаота шаҳридаги каби уйларнинг ижара ҳақининг кескин тушиб кетиш ҳолати Бишкекка ҳам етиб келди. Буни «Клооп»га пойтахтдаги кўчмас мулк бозорида ишлаган уч риелтор билдирди.
Ўрта ҳисоб билан Бишкекда куздан бери уйларнинг ижара ҳақи 40-50%га арзонлади, бу қўшни Қозоғистондагидан ҳам кўп. Олиб сотиш бозори эса аксинча, қимматлади. Пулдор қочқинлар пулини уй сотиб олишга сарфлай бошлади: уруш қачон ва нима билан тугаши номаълум.
Ижара арзонлаганини сафарбарликдан қочган россияликлар оммавий турда Бишкекка кўчиб кела бошлашини уйга бўлган талаб камайгани билан боғлашмоқда. 2022 йилнинг сентябрида шаҳар четидаги бир хонали уйларнинг ижара ҳақи 40 минг сомга чиққан.
Эълон чиқарган сайтларга ишонсак, ҳозирда шаҳар четидан 20-25 минг сомга бир хонали уй топса бўлади. Бу маълумотни «Клооп»га кўчмас мулк агентликлари ҳам тасдиқлади.
«Ўтган йилгига қараганда фарқ билинади. Бир хонали уйнинг ижараси россияликлар келгунча бўлган нархига (унда 16 минг сом атрофида бўлган) тушмаган. Ҳозир бундай нарх йўқ. Бироқ Бишкек атрофидаги бир хонали уйлар 20-25 минг сомга, пойтахтга яқин жойларда 30 минг сомгача тушди», — дейди Danis кўчмас мулк агентлиги.
Шунга қарамай, Бишкекдаги айрим ижарачилар бир хонали уйнинг ҳақини 70 минг сом атрофида ушлаб турибди.
«Ҳозир уй эгалари икки томонга бўлиниб қолди. Айримлари россияликлар яна келади деб нархни қиммат ушлаб турибди. Иккинчиси арзонлаганига ишониб, адекват нарх қўймоқда», — дейди ҳамюртимиз.
Нархни туширгиси келмаганлар қуруқ қолиб, уйлари бўш турибди.
«Ҳозир четдан келганлар ҳушёр бўлиб қолди. Кузда кўрсатган уйга кириб яшайверишган — дейди риелтор. — Ҳозир улар биздаги нархлар билан танишиб, билиб қолишди. Уларга ҳам сизлар келгунча бундай нархлар йўқ эди, ҳозир шундай бўлиб қолди деб айтишяптида».
Келажагини ўйлаб уй сотиб ола бошлашди
Турар-жойни ижарага олиш ажиотаж камайса-да, энди сотиб олиш бозорида пайдо бўлди. Сотиб олувчилар орасида Россия фуқаролигини олган қирғизистонликлар ҳам, бунгача Қирғизистонга алоқаси бўлмаган россияликлар ҳам бор. Уларнинг айримлари Бишкекдан уй сотиб олиш учун Россиядаги уйларини сотишмоқда.
«Пули борлар келажакни ўйлаб бу ердан уй сотиб олишяпти. Бу ердан уй сотиб олиб, чет ўлкага кетган россияликнинг уйини бошқа россиялик ижарага олиб яшаган ҳолатлар ҳам учрайди […] Сотилаётган уйларга талаб кўп. Уйлар тез олиниб, тез сотилмоқда», — дейди бизнинг Danis'даги ҳамюртимиз.
Уй сотиб оламиз деган россияликлар кўплигини «Клооп»га Avalon кўчмас мулк сотиш агентлигида ишлаган Элдар Каюмов ҳам тасдиқлади.
«Россияликлар ижарадан кўра уй сотиб олишга ўтишди. Ўтган йили ноябрда 106-сериядаги икки хонали уйнинг ижараси 1500 минг долларга (131 минг сомга) чиққан. Улар ҳам пул бўлса ижарага олиб нима қилади деб тушуниб қолишди. Шундай қилиб пулларини кўчмас мулкка сарфлашга ўтишди», — дейди Каюмов.
Бундай талабнинг кўплиги нархларга ҳам таъсир қилди дейди: уйнинг бир кв метри ўтган йилгига қараганда 20-30%га қимматлади.
«Олдин таъмирланган "элитка"да бир кв метр 1000 доллар, эски уйларда эса 800-850 доллар (70-74 минг сом) бўлган. Ҳозир эски типдаги панель уйларда таъмирланган уйнинг бир кв метри 1400 долларга (122 минг сомга) чиқди. Таъмирланмаган бўлса, 1000-1100 долларга (87 минг сом)ча. Ҳаммаси районга боғлиқ», — деди у.
Бир кв метр учун нархни қимматлашини Каюмов қурилиш материалларини қимматлашидан дейди. Бишкекда уйларни сотиш ҳақидаги эълонларни чиқарган сайтларда янги таъмирланган бир хонали уйнинг бир кв метри 1000 доллардан ёки ундан паст деган эълонлар жуда кўп.
Россияда сафарбарлик бошлангани ҳақидаги хабар тарқалгандан кейин қўшни давлатларда уйларнинг ижара ҳақи осмонга чиқиб кетди. Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларида ижара ҳақини кўтарилишини урушдан қочган Россиядаги эркакларни оммавий оқими билан боғлашади.