Бир кадр билан: Туркияга ёрдам қатори жўнатилган қирғиз бўз уйлари

154

Туркиялик мухолифатчи сиёсатчи Кемал Қиличдорўғлининг тарафдорлари зилзиладан жабрланган ҳудудга ёрдам қатори жўнатилган қирғиз бўз уйларини мақтаб, қатор тизилган уйларнинг суратини твиттерда жойлаштирди.

 

Улар қирғиз халқи ўрнатган бўз уйларни турк давлат хизмати томонидан ўрнатилган чодирлар билан солиштирди.

«Чапдаги AFAD [Туркия табиий офатларни бошқариш бошқармаси] томонидан ўрнатилган чодирлар, ўнгда эса Қирғизистоннинг гуманитар ташкилотлари томонидан тикилган бўз уйлар. Бепарволик ва тартибсизлик энг нозик қон томирларигача сингиб кетибди», — деб айтилади билдирувда. 

6 февраль куни Туркия ва Сурияда иккита кучли зилзила юз берди. Зилзила эпицентри мамлакат жануби-шарқидаги Газиантеп шаҳридан 26 км узоқликда, Сурия билан чегара яқинида жойлашган. Ҳар икки мамлакатда табиий офат қурбонлари сони 46 минг кишидан ошди, яна юз минглаб одамлар жабрланди.

Дунёнинг кўплаб давлатлари, жумладан Қирғизистон ҳам Туркияга ўз қутқарувчилари, шифокорлари ва инсонпарварлик ёрдамларини жўнатган. Хусусан, Қирғизистон Ғазиантеп шаҳрига жабрланганларни вақтинча жойлаштириш учун юзга яқин бўз уйларни олиб бориб, ўрнатган.