Кампиробод иши: Фаол Перизат Суранова уй қамоғига чиқарилди 

129

Кампиробод иши бўйича қамоққа олинган фаол Перизат Суранова 17-февралда уй қамоғига чиқарилди. Бу ҳақда «Клооп»га Бишкекнинг Биринчи май туман суди билдирди. 

Маълуомтга кўра, Сурановани қамоққа олиш эҳтиёт чораси 20-апрелга қадар уй қамоғига ўзгартирилиб, суд залидан бўшатилди. 

Аввалроқ 14-февралда, Суранова Чуй вилоят касалхонасига ётқизилиб, унга операция қилиниши хабар қилинган. Унга қадар у касалхонага ўтказишни илтимос қилиб, қамоқдан бир неча бор хат ёзган. 

У қамоқда ётганларга саралаб муомала қилаётганини айтиб, сиёсий сабабдан ТИЗО-1да ётганлар махсус дискриминацияга учраганини билдирган.

Шифокорлар аввалдан фаолга шошилинч турда операция қилиниши керак эканини билдиришган. Унга «бачадон миомаси» деган ташхис қўйилиб, жинсий органида пайдо бўлган шишлар ёрилиб кетса, қон кўп йўқотиш хавфи бор экани, бу ҳаёти учун хавфли экани айтилган. 

Ўша куни, 17-февралда, Кампиробод иши бўйича қўлга олинган 4 аёлнинг — Гулнара Журабаева, Клара Сооронкулова, Асия Сасикбаева ҳамда Рита Карасартованинг— тергов қамоғидаги муддати икки ойга узайтирилган. 

Қўлга олинганларнинг ичидан ҳозирда соғлиғи сабабли сиёсатчилар Мамбетжунус Абилов билан Равшан Жээнбеков касалхонада, суд уларга даволаниш муддати тугагандан кейин тергов қамоғига қайтиб бориш қарорини чиқарган. 

Кампиробод бўйича суд ишлари 

Жорий йилнинг 15-февралида Бишкекнинг Биринчи май туман суди Кампиробод бўйича 11 кишини қамоқда қолдириб, «Бутун Қирғизистон» партиясининг аъзоси Орозайим Нарматова ҳамда қурувчи Нурлан Асанбековни эса уй қамоғида қолдириш муддатини 20-апрелга қадар узайтирган. 

16-февраль куни эса суд 7 кишининг қамоқдаги муддатини узайтириб, соғлиғи бўйича фаол Талантбек Эшалиевни ҳам икки ойга уй қамоғида қолдирган. 

2022-йилнинг октябрида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 30га яқин фаол ва сиёсатчи қўлга олинган. Куч органи уларга «Оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрган» деган айб қўйишган. 

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва қўлга олинганларнинг яқинлари буни сиёсий қувғин деб атаб, адолатли терговни сўраб президентга мурожаат қилиб, шунингдек бир қатор норозилик акцияларига чиқишган. 

Кейинчалик қамоқдаги 19 фаол очлик эълон қилган. Очлик эълон қилингандан кейин кўпчилигининг соғлиғи ёмонлашиб, айримлари уларни касалхонага ўтказишни талаб қилишган. Қамоқдагилар «айби йўқлигини» айтишиб, уларни озод қилишни талаб қилиб келишади. 

2022-йили 15-ноябрда Жогорку Кенешнинг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси қирғиз-ўзбек чегарасининг айрим участкаларини  делимитациялаш бўйича келишувнинг лойиҳасини уч ўқишда маъқуллаган. Шунингдек депутатлар «Кампиробод (Андижон) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш келишувининг» лойиҳасини қабул қилишган.