«Азаттык»: Украинага «Вагнер» орқали урушга кетган яна бир қирғизистонликнинг жасади келди

117

Украинадаги урушда вафот этган Лайлак туманининг турғуни Замир Чолоевнинг жасади ватанига олиб келинди. Бу ҳақда «Азаттиқ» марҳумнинг яқинларига таяниб билдирди. 

Маълумотга кўра, у бунга қадар Россияда қамоқда ўтириб, кейинчалик «Вагнер» норасмий қуролли тизими тарафидан урушга жалб қилинган. Марҳумнинг яқинлари Чолоевнинг жасади Қирғизистонга олиб келинганини ва бугун, 15-февралда дафн қилинишини айтишди.

Россияда жазо муддатини ўтаётган Қирғизистоннинг қанча фуқароси ЧВК Вагнер томонидан ишга олингани ҳозирча номаълум. 2023 йил февраль ойи бошидан бери жасадлари Украинадан Қирғизистонга етказилган камида икки қирғизистонлик ҳалок бўлгани маълум бўлган.

Биринчиси, 2022 йил 24 ноябрда Украинанинг Бахмут шаҳрида вафот этган Аян Алишеров, иккинчиси, 2022 йилнинг 9 декабрида шу шаҳарда вафот этган Янгибай Рахимов.

Иккала қирғизистонлик ҳам Россия колонияларида жазо муддатини ўтаган. Аввалроқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Россия қамоқхоналарига Марказий Осиё давлатларидан одамлар жалб этила бошлагани ҳақида хабар берган эди.

Ташқи ишлар вазирлиги «Клооп»га Қирғизистон фуқароларининг Украина ҳудудида Россия армияси сафида жанг қилаётгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини маълум қилди. Россиянинг «Ситтинг Рус» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Олга Романованинг сўзларига кўра, 2022 йил июнь ойи охиридан бери ЧВК «Вагнер» ташкилоти Россиянинг ахлоқ тузатиш муассасаларидан 35 минг маҳбусни жалб қилган.