Видео: Қирғизистонлик қутқарувчилар Туркияда вайрона остидан ўспиримни тирик топишди

139

Туркияга борган қирғизистонлик қутқарувчилар Қаҳрамонмараш шаҳрида вайроналар остидан 16 ёшли ўспиримни тирик олиб чиқишга эришди. Бу ҳақда Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.   

«Зилзиланинг олтинчи куни, 11 февраль куни соат тахминан 02:30да қутқарувчиларимиз туркиялик ҳамкасблари билан биргаликда қидирув-қутқарув ишлари давомида вайроналар остидан омон қолган одамни олиб чиқди», — дейилади вазирлик хабарида.

Маълумотга кўра, зилзилалар пайтида тирик қолган бола қулаган уйнинг бешинчи қаватида бўлган.

Бунга қадар ФҲВнинг қутқарувчилар вайроналар остидан 48 фуқаронинг жасадини олиб чиқишган эди. 

Туркия ва Суриядаги зилзилалар

Туркияда 6 февраль куни 7 магнитудадан юқори бўлган иккита кучли зилзила содир бўлган. Зилзила эпимаркази мамлакат жануби-шарқидаги Газиантеп шаҳридан 26 км узоқликда, Сурия билан чегара яқинида жойлашган.

The Guardian нашрининг ёзишича, икки давлатдаги зилзилалар қурбонлари сони 23 минг кишига етган.

Аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Туркиянинг Адана шаҳрида содир бўлган зилзилалар натижасида бир қирғизистонлик аёл жароҳатлангани ҳақида хабар берган эди - у аллақачон шифохонадан чиқарилган. ОАВда бир қирғизистонлик аёл ҳалок бўлгани ҳақида ҳам хабар берилган, бироқ Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни тасдиқламаган.