Ўш шаҳар мэрияси шаҳарнинг марказий қисмининг охирги батафсил режалаштириш лойиҳасини 2 ойлик муддатга жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Бу ҳақда шаҳар ҳукуматининг матбуот хизмати 10-февралда билдирди.
Маълумотга кўра, шаҳарнинг марказий қисмининг деталли режалаштириш лойиҳаси 3500 гектар ер майдонига ишланган — унда шаҳарнинг истиқболдаги кенгайишининг чегаралари ҳам киритилган.
Истиқболдаги аҳоли сони — 360,8 минг киши. 3500 гектар ер майдонининг чегараси эса Ўш шаҳрининг қуйидаги кўчалари билан кесилишади: Кўкум-Бий, Ғарбий лойиҳалаштирилувчи кўча, Қурманжан Датқа, Қасимбеков, Раззақов, Авиценна, Ак-Тепе канали, ғарбий лойиҳаланувчи кўчалар, Помир, «Ош-Пансионати», Увам канали, Исанов, Оқбура сойи, Суйунбаев, № 43 жанубий-ғарбий кўчаси, Мамиров, Осмонов ҳамда ғарбий лойиҳалаштирилувчи кўчалар.
Ўш шаҳрининг марказий қисми 7 турар жой ҳудудларига бўлинган. Ҳар бир ҳудуднинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари лойиҳанинг асосий низомларида берилгани айтилади.
Жамоат муҳокамаси 2 ой давомида мэриянинг, шаҳар кенгашининг ҳамда Ўш регионал шаҳар қуриш ҳамда архитектура бўйича бошқармасининг сайтига жойлаштирилган. Бундан ташқари жой-жойларда жамоат муҳокамалари ўтади.
Мэрия шаҳар турғунларининг лойиҳага фикрларини қўшишга чақирди. Алоқа учун рақамлар: (03222) 5-57-45, 4-85-37.
Ўш шаҳрининг батафсил режалаштириш лойиҳаси бир қанча йилдан бери битмай келган — бу орада шаҳарда мэрлар алмашди. Шаҳардаги ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда фаоллар бу шаҳарда ноқонуний қарорлар чиқиб, ер участкалари берилиб, бетартибликларга сабаб бўлганини айтишган.
Шаҳар ҳукуматидан эса лойиҳанинг кўрсатилган муддатда битмай қолганига коронавирус пандемияси таъсир қилганини билдиришиб, батафсил режалаштириш лойиҳаси 2023-йили қабул қилиниши кутилаётганини таъкидлашган.