Помирлик қирғизлар Қирғизистонга кўчиб келиш учун паспорт ололмаяпти — депутат Султанбекова

136

Афғонистоннинг Файзобод шаҳрида 65 нафар помирлик қирғиз Қирғизистонга кўчиб келиш учун паспорт ололмаяпти. Бу ҳақда депутат Чўлпон Султонбекова 9 февраль куни парламент йиғилишида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, помир қирғизларининг маблағлари тугаб бормоқда.

«Уларнинг болалари касал. Кеча бир 8 ёшли қизнинг буйраги оғриб, ўша ерда қолишга мажбур бўлишибди. Қирғизистонга келиш учун бутун чорва молларини сотиб юборишган. Лекин паспорт масаласи ҳалигача ҳал этилмаган. Биз уларга ёрдам беришимиз керак, уларнинг бошқа мурожаат қиладиган ҳеч кимлари йўқ», — деди депутат.

Ҳозирги Помир қирғизлари 1575-1930 йилларда Афғонистонга ҳижрат қилган қирғизларнинг авлодларидир. Улар Катта ва Кичик Помир тоғларида таълим ва соғлиқни сақлашдан фойдаланиш имкони бўлмаган оғир шароитларда яшайди.

2017 йилдан бошлаб ҳукумат Помир қирғизларини тарихий ватанларига кўчириш чораларини кўра бошлади.

Муаллиф: Медина Купсулдаева