Депутат Дастан Бекешев уй-жойларни табиий офатлар оқибатларидан мажбурий суғурталашни жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда у ўзининг телеграм-каналида 6 февраль куни Туркияда содир бўлган кучли зилзилалар фонида ёзган.
Унинг сўзларига кўра, Қирғизистонда уй-жой суғуртаси бўйича норма бор, лекин у мажбурий эмас ва унинг йўқлиги ҳеч қандай жавобгарликка олиб келмайди. Бекешевнинг айтишича, Бишкекдаги янги турар-жой бинолари сифати ва минтақанинг сейсмик хавфини ҳисобга олиб, бу вазиятни ўзгартириш вақти келди.
«Давлат қурилиш бизнеси инсон тақдиридан муҳимроқ, деган фалсафадан узоқлашиш вақти келди. Рухсатномалар беришдаги коррупция, қурилиш жараёнида ҳеч қандай назоратнинг йўқлиги, қурилиш бизнесининг либераллашуви пули бор ҳар бир киши қурувчига айланишига олиб келди. Оқибатда деярли барча янги «элиталар» мамлакатимиздаги зилзиладан парчаланиб кетиши мумкин», деб ёзади халқ депутати.
Унинг фикрича, қурилиш бизнеси қурилишга рухсат олиш босқичидан бошлаб ва уй фойдаланишга топширилгандан кейин 10 йил давомида қаттиқ назорат қилиниши керак. Бекешевнинг ишончи комилки, кўплаб қурилиш ташкилотлари юқори сифатли бетон, арматура ва бошқа материалларни тежаб, стандартларга жавоб бермайди.
Туркиядаги зилзилалар
Туркияда 6 февраль куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 04:17 да 7,4 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила эпицентри мамлакат жануби-шарқидаги Газиантеп шаҳридан 26 км узоқликда, Сурия билан чегара яқинида жойлашган. Кечароқ Туркиянинг марказий қисмида янги зилзила қайд этилди, унинг кучи 7,7 баллга баҳоланди.
Расмий маълумотларга кўра, Туркияда 3000 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 20 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Сурия расмийлари камида 1444 киши ҳалок бўлгани ва минглаб одамлар яралангани ҳақида хабар бермоқда.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, бу фалокат Туркияда 1939 йилдан бери содир бўлган энг кучли зилзила бўлди, ўшанда Эрзинжон зилзиласи натижасида деярли 33 минг киши ҳалок бўлган. Туркияда табиий офат қурбонлари хотирасига етти кунлик миллий мотам эълон қилинди.