Кампиробод иши: Перизат Суранова қайтадан касалхонага ўтказишни илтимос қилиб қамоқдан хат ёзди

142

Кампиробод иши бўйича қўлга олинган фаол Перизат Суранова қайтадан касалхонага ўтказишни илтимос қилмоқда. У қамоқдан хат ёзиб, омбудсман Атир Абдрахматовага, Жогорку Кенешнинг депутатларига ҳамда адлия вазири Аяз Баетовга мурожаат қилди. 

Суранова қамоқда ётганларга фарқли муомала бўлаётганини билдирди. Унинг айтишича, сиёсий сабабдан ТИЗО-1да ётганлар қаттиқ дискриминацияга учрашмоқда. 

«Мен ҳибсга олинган биринчи кунданоқ ўзимга нисбатан махсус интизомий, бошқача айтганда, шафқатсиз муносабатни қамоқдаги илк кундан бошлаб бошимдан ўтказдим. Уч ойдан ортиқ вақт давомида соғлигим кундан-кунга ёмонлашиб бораётганига қарамай ўз вақтида текширилиб, касалхонага ётиб ва жарроҳлик аралашувига розилик ололмадим», — деб ёзди у. 

Фаол таҳлилларга кўра, операцияга муҳтож эканини таъкидлади — чунки, патологик процесс унинг соғлиғига ҳамда ҳаётига хавф туғдирган характерга эга бўла бошлайди. 

Суранова тегишли органлар уни касалхонага ўтказишни «атайлаб кечиктиришмоқда» деб ҳисоблайди. У қамоқда ташҳиси уникидан яхшироқ бўлганлар ҳам касалхонага ўтказилаётганини қўшимча қилди. 

У бунга қадар Кампиробод иши бўйича қўлга олинганлар қамоқдаги «ўта ёмон шароитлар, асоссиз тинтув ҳамда тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортиш» ҳақида бир неча марта айтиб чиқишганини ёдга солди. 

Бу бўйича фаол Кампиробод иши бўйича қўлга олинганларга нисбатан дискриминация, қўпол муомала, тиббий ёрдамдан бош тортиш ҳолатларини текширишни илтимос қилди. Шунингдек у «қамоқдагиларни ажратиб муомала қилгани бўйича» ТИЗО-1нинг администрациясини текширишни илтимос қилди. 

Суранованинг соғлиғи

Аввалроқ Суранова тез орада жарроҳлик амалиётига муҳтож экани хабар қилинган эди. Шифокорлар унга «бачадон миомаси» деган ташхис қўйиб, жинсий органида пайдо бўлган ўсмалар ёрилиб кетса, қон кўп йўқотиш хавфи борлигини, бу ҳаётига хавфли эканини айтишган. 

Жазони ижро қилиш хизмати Сурановани операция учун касалхонага суднинг қарорисиз ҳам, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан тузилган келишувнинг асосида олиб бориш мумкинлигини таъкидлашган. 

Бироқ Соғлиқни салаш вазирлиги Жазони ижро қилиш хизмати фаолни уларнинг рухсатисиз ҳам касалхонага ўтказа олишларини билдирган.

Суранова октябрнинг охирида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишини танқил қилгани учун 30га яқин фаол, сиёсатчи билан бирга қамалган. Уларнинг олти нафари — аёл.

Қўлга олинганларнинг бир қисми ҳибсга қадар бир кун аввал тузилган Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш қўмитасининг аъзолари. 

ИИВ фаол, сиёсатчиларга «Оммавий тартибсизликларни уюштиришга» ҳаракат қилган деган айб қўймоқда. Уларнинг бари Бишкекдаги ТИЗО-1га қамоққа олинган. 

Қўлга олинганларнинг барчаси айблари йўқлигини, уларга босим бўлаётганини, жиноят иши уларнинг Кампиробод масаласи бўйича позицияси сабаб қўзғалганини билдиришган. Қамоққа олишдан норозилик билдириб, 17 киши икки ҳафтадан ортиқ очлик эълон қилган.