Бишкекнинг Свердлов туманидаги кафелар тўй тадбирларига хизмат кўрсатмасликка келишди

142

Бишкек мэрияси 2-февралда Свердлов ва Ленин туман хокимиятининг ходимлари бир қатор йирик кафеларнинг вакиллари билан учрашув ўтказишганини билдирди. Учрашувда Свердлов туманида жйолашган бир қатор кафелар «тантанали оилавий тадбирларга» хизмат кўрсатмаслик бўйича розилик берилгани айтилади.

Мэриянинг маълумотига кўра, Сведлов туман ҳокимияти билан «Жибек-Жолу», «Фаризат», «Мансур» кафелерининг, «Гранат» чойхонасининг, «Ават» банкет залининг ва бошқа йирик кафеларнинг вакиллари ўртасида «Ўзаро келишув битимига» қўл қўйилган. 

«Келишувда исрофгарлик ва тантанали оилавий тадбирларни, диний маросимларни, вафот этганларнинг хотирасига бағишланган хотира тадбирларини ўтказишни режалаштирган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик талаблари киритилган. Шунингдек, урф-одатлар, байрам ва маросимларнинг қатъий тартибга солиниши, қирғиз жамияти маънавий-ахлоқий маданияти асосларини шакллантириш ва барқарорлаштириш, ижтимоий адолатни таъминлашдан далолат беради»,— деб айтилади мэриянинг маълумотида.

Кафе вакилларининг маҳаллий ҳукумат билан учрашуви. Сурат: мэриянинг матбуот хизмати

Ҳокимият, шунингдек, Ленин туманидаги тадбиркорлар ҳоким билан учрашувда масжид имом-хатибларини чақиришни таклиф қилгани, улар диний маросимларни ўтказаётганларга, рамазон пайтида ифторлик ва ҳоказоларга тегишли тавсиялар беришларини таклиф қилишган.

Ҳокимликнинг қўшимча қилишича, учрашувлар Президентнинг «Оилавий байрамлар ва дафн маросимларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Мазкур фармонга Садир Жапаров ўтган йилнинг февралида қўл қўйиб, унда қуръон ўқитиш тўйга айланиб бораётганини, «қўлида йўқлари эса бир мол, қўлида борлари эса бешдан мол сўйган ҳолатлар бугун ҳам давом этиб келмоқда ва яқинининг охирги сафарга кузатиб, натижада ҳеч нарсаси йўқ ўтириб қолган ҳолатлар учрашини» таъкидлаган. 

Шундан сўнг президент ўзининг вилоятлардаги ваколатли вакиллари ва маҳаллий ҳокимликларга оилавий, хотира ва бошқа тадбирларни ўтказиш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни топширди. Шунингдек, улар аҳоли ўртасида ахборот-тушунтириш ишларини олиб боришлари керак эди.

2022 йил июнь ойида президент фармон ижроси устидан «етарли назорат ўрнатмагани учун» Жалолобод вилоятидаги ваколатли вакили Абсаттар Сирғабаевга танбеҳ берган эди.