Асилбек Абдалиев номли шахс Россияда қамоқда ўтирган акасининг жасади Украинадаги урушдан келганини айтиб чиқди. Марҳум бунга қадар норасми Россия тизими бўлган «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати (ХҲШ) ҳақида гапирган. Абдалиевнинг интервьюсини «Супер Инфо» газетаси 27-январдаги сонида эълон қилди.
Маълумотга кўра, марҳум — 30 ёшдаги Аян Алишеров Жалолобод вилоятининг Қўчқорота шаҳрининг турғуни. У 2019-йили Россияда 3 дўсти билан бирга «Одам ўғирлаш» ва «Қўрқитиб пул талаб қилиш» моддаси билан жаримага тортилиб, Мордовияда қамоқда ўтирган.
Укасининг айтишича, қўйилган айблар «туҳмат» бўлган. Яқинлари Қирғизистондаги қамоққа ўтказиш бўйича сўзлашувларни олиб бориб, 2022-йилнинг июнь ойида қарор чиққан. Аммо жорий йилнинг 12-январида вафот этди деган хабар келган.
«2022-йилнинг 24-ноябрь куни Донецк вилоятининг Артёмовск шаҳрида вафот этибди [...] Унгача қўнғироқ қилмай, икки ойга яқин бедарак бўлган», — дейди марҳумнинг укаси.
Асилбек Абдалиев қамоқдаги акасини ватанпарвар йигит эди деб сифатлаб, Қирғизистон фуқароси қандай қилиб жанг майдонига бориб қолганидан ҳайрон бўлаётганини айтади.
«Бир гал гаплашганда “ХҲШ Вагнер келди бизга. Украина орқали озодликка чиқишнинг йўллари бор экан” деб қолди. Урушга қатнашаман, кетмоқчиман деб умуман айтмаган», — дейди у.
Алишеровнинг ўлими ҳақидаги гувоҳномада ҳам унинг Донецк халқ республикаси (ДХР) деб аталган ҳудудда вафот этгани кўрсатилган.
Шу билан бирга, Абдалиев Россияда қамоқда ўтирган қирғиз фуқаролари кўп эканини таъкидлаб, «ҳукумат вакилларидан, элчиликдан ўз фуқароларига беэътибор бўлмасликни илтимос қилган».
«Клооп» қамоқда жазо муддатини ўтаётган Қирғизистон фуқароси Украинада ҳалок бўлгани бўйича маълумот олиш учун Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Қирғизистоннинг Россиядаги элчилигининг матбуот хизмати боғланиб, жавоб ололмади.
«Вагнер» ХҲШ маҳбусларни ёллаётгани ҳақида Россиянинг мустақил оммавий ахборот воситалари бир неча бор хабар беришган. Украинадаги урушга маҳкумларни ёллаш 2022-йилнинг август-сентябрь ойларидаёқ оммавий ахборот воситаларидан маълум бўлган эди.
Шунингдек, урушда қатнашгани учун маҳкумларга олти ойлик хизмат муддатидан кейин афв этиш ва нақд пул тўлаш ваъда қилингани маълум бўлган.
Украинадаги урушга ёллаш
«МедиаХаб» журналистлари аввалроқ суриштирув ўтказиб, «Вагнер» ХҲШ Украинадаги урушга Марказий Осиё давлатлари, жумладан Қирғизистон фуқароларини жалб қилаётганини аниқлаган эди. Уларнинг маълумотига кўра, сўнги бир неча ҳафтада Қирғизистон ижтимоий тармоқларида Россияга хусусий қўриқчилар хизматига ишга қабул қилиш тўғрисида эълонлар пайдо бўлган.
Аммо, журналистлар эълонда кўрсатилган рақамларга алоқага чиққанда, «приоритетлар ўзгаргани ортидан» назорат хизматига ишчилар олинмаёганини айтиб, ўрнига бошқа иш тавсия этишаётганини аниқлашган. Бу иш — «Украинадаги махсус амалиёт доирасида ишлаш».
Журналистларнинг сўзларига кўра, эълонда кўрсатилган рақам Краснодар ҳудудининг Молькино қишлоғига келишни илтимос қилган. MediaHub журналистлари телефон номерларини идентификация қилиш хизмати орқали эълонларда қайд этилган телефон рақами “ЧВК “Вагнер”” номи билан сақланганини аниқлашган. Россия ОАВлари ҳам мана шу Молькинода ЧВК «Вагнер» базаси ва тарғиб қилиш пункти жойлашганини ёзган.
Украинадаги кенг кўламли уруш пайтида у ерда Россия Қуролли кучларида хизмат қилган 7 нафар қирғиз аскари ҳалок бўлган. Улардан беш нафари Россия фуқаролигини олган.
ХҲШ «Вагнер» нима ўзи?
ЧВК «Вагнер» ёки «Вагнер гуруҳи» — норасмий қуролли тизим. Россия ОАВлар уни хусусий ҳарбий компания деб номлашади. The Bellнашри маълумотига кўра, уни Россия Қуролли кучларининг Бош штабининг раҳбарияти зимдан назорат қилади. Шунингдек ОАВлар «Вагнер»га Россия президенти Владимир Путиннинг «ошпази» Евгений Пригожин эгалик қилишини ёзган.
ОАВларнинг маълумотига кўра, «Вагнер»нинг ёлланма аскарлари 2014-йили Донбассдаги, Сурия ва Африка давлатларидаги низоларда қатнашган.
Қирғизистонда ёлланма ҳарбий бўлиш жиноят ҳисобланади. «Ёлланиш» моддасига кўра, шахс 7 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
2022-йилнинг 24-февралида рус қўшинлари Украинага кенг кўламли босқинни бошлаган. Россия расмийлари буни уруш деб атамайдилар, балки бу «демилитаризация» ва «деназификация»га қаратилган махсус операция эканлигини таъкидлаб келади.