Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка давлат ташрифи арафасида 26 январь куни бўлиб ўтган Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес форумида 168 миллион долларлик 11 ҳужжат имзоланди, деб хабар қилди Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати.
Форум натижасида қўл қўйилган ҳужжатлар:
- икки давлат Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида агросаноат комплекси соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича «Йўл харитаси»;
- Президентнинг Жалолобод вилоятидаги вакили ва Ўзбекистоннинг «Art Soft Holding» компанияси ўртасида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида 30 миллион доллар миқдоридаги келишув;
- Президентнинг Норин вилоятидаги вакили ва Ўзбекистон «Baxodir Log’on Tekstil» компанияси ўртасида чарм ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, Норин вилоятида картошка етиштириш бўйича қишлоқ хўжалиги кластерини ташкил этиш тўғрисида умумий қиймати 8 миллион долларлик меморандум имзоланди;
- Ўш вилояти Чўн-Олай тумани давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан «Baxodir Log’on Tekstil» (Ўзбекистон) ўртасида картошка етиштириш кластери, чорвачилик комплексини яратиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;
- «Бай Дийқан» ва «Ўзбек Узкимеимпекс» компанияси ўртасидаги 20 миллион долларлик лойиҳа доирасида Қирғизистонда кальций карбид ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш бўйича меморандум;
- «Бай Дийқан» ва Ўзбекистоннинг «Голден Корн» компанияси ўртасида Қирғизистон маккажўхори маҳсулотларини Ўзбекистонга 100 миллион долларга етказиб бериш бўйича келишув;
- Қирғизистон «ТНК «Дастан» ва Ўзбекистон «Тошэлектроаппарат» ўртасида Қирғизистонда электр ҳисоблагичларни йиғишни ташкил этиш бўйича ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми;
- Қирғизистоннинг «Элет Байтерек» ва Ўзбекистон «Ўзсаноатқурилишматериаллари» ўртасида базальт тошини қайта ишлаш заводини қуриш бўйича меморандум;
- Қирғизистон-Ўзбекистон тараққиёт жамғармаси ва «Ўзавтосаноат» ўртасида компания маҳсулотларини Қирғизистонда сотиш бўйича ҳамкорлик меморандуми;
- Қирғизистон-Ўзбекистон тараққиёт жамғармаси ва Ўзбекистон «UzXCMG» ўртасида компания маҳсулотларини Қирғизистонда сотиш бўйича ҳамкорлик меморандуми;
- Қирғизистоннинг «Кыргыз Эко Экспорт» компанияси ва Ўзбекистон Яйловларни ривожлантириш ассоциацияси ўртасида Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва чорва молларини етказиб бериш бўйича 10 млн.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров мазкур бизнес-форумда 2022 йилнинг 11 ойи якунлари бўйича икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 543,2 миллион долларни ташкил этгани ва 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 21%га ўсганини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, икки давлат расмийлари ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш ниятида.
Шунингдек, бизнес-форумда Жапаров ўзбек компанияларига Қирғизистонда кичик ва ўрта ГЭСлар қурилишида иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқиш таклифи билан мурожаат қилди. Унинг фикрича, бундай лойиҳалар «нафақат моддий, балки бутун минтақа учун экологик дивидендлар олиб келади».
Жапаров Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон аллақачон Қамбар-Ота-1 ГЭСни биргаликда қуришни режалаштирганини эслатди. Январь ойи бошида уч мамлакат энергетика вазирлари лойиҳани амалга ошириш бўйича йўл харитасини имзолаган эди.
Қирғизистон расмийларининг айтишича, ГЭС Бишкекка электр тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш ва ҳатто уни экспорт қилиш имконини беради. Шунингдек, Қамбар-Ота-1 ГЭСи Марказий Осиё мамлакатларини электр энергияси билан таъминлаши ва минтақанинг сув таъминотини барқарорлаштириши кутилмоқда.