Видео: Қамоқдан чиққан Болот Назаровга энди чиндан ҳам от миндиришди

169

Оқин-импровизатор Болот Назаровга от совға қилинди. Бу ҳақда депутат Мирлан Самийкожо ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ёзиб чиқди.

У «Айтиш» жамғармасининг оқинлари, жамоат арбоблари ва Назаровнинг ижодкор ҳамкасблари импровизаторни табриклаганини ёзган.

24 январь куни Чуй вилоятининг Москва туман суди томонларнинг ярашуви ҳақидаги келишув асосида талончилик иши бўйича жиноят ишини тугатди ва Болот Назаровни ҳибсдан озод қилди.

Окинга нисбатан талончилик иши фақат от туфайли қўзғатилган. Милициянинг маълум қилишича, уларга Беловодское қишлоғида яшовчи фуқаро мурожаат қилиб, Назаров суратга олиш баҳонасида ўзининг вояга етмаган ўғлининг отини тортиб олгани ва гўёки унга қарши куч ишлатиб, номаълум йўналишга қараб чопиб кетганини айтган». Мазкур ҳолат юзасидан «Талончилик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Назаров билан ҳамкорлик қилаётган журналист Болот Темиров оқин «отни совға қилинган деб ўйлаган» ва ҳақиқатни билгач, уни қайтариб берганини ёзган.

Болот Назаров 2022 йилнинг 9 ноябрида ҳибсга олиниб, жабрланувчиларнинг ўзлари оқинга ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтганига қарамай, қарийб уч ой ҳибсда сақланган.