Factcheck: Президент Садир Жапаров декларацияда турмуш ўртоғининг бизнесини кўрсатмаган

150

Factcheck’нинг журналистлари президент Садир Жапаровнинг турмуш ўртоғи Айгул Жапарова «Ак-Умут» компанияси эгаларидан бири эканини аниқлашди. Бу компанияни давлат раҳбари 2021-йил учун декларациясида кўрсатмаган.

Адлия вазирлигининг маълумотига кўра, «Ак-Умут» компаниясининг таъсисчилари — президентнинг хотини Айгул Жапарова ҳамда парламентнинг собиқ депутати Адил Жунус ўғлининг аввалги турмуш ўртоғи Туран Турсун қизи. Бу компания тижорий фаолият ва бошқарув масалалари бўйича консультацияларни беради, компанияни Жазгул Рисбек қизи бошқаради. 

Factcheck’нинг журналистлари фирма ҳақида ташкилий ҳужжатлардан ташқари бошқа ҳеч бир маълумот топа олишмаган  — компаниянинг сайти ҳам, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳам йўқ. Аммо «Ак-Умут» очилганидан бери солиқларни доимий тарзда тўлаб келади. OsOO.kg сайтидаги маълумотга кўра, компания 2021-йили 280 минг сом солиқ тўккан, 2022-йили эса солиқнинг кўлами — 1 млн сом бўлган. 2023-йилнинг тўлиқ бўлмаган бир ойида солиқнинг тўловлари 77 минг сомни ташкил қилган. 

«Ак-Умут» компанияси расмий Бишкекнинг Ибраимов кўчаси 96в манзилидаги «Асман» бизнес марказида қайд этилган. 

Кадастрдан берилган маълумотга кўра, «Асман» бизнес маркази 2021-йилнинг октябрида тўлиғи билан «Ак Умут» компаниясининг мулкига ўтган. Factcheck нашрининг журналистлари айни бинода  Айгул Жапарованинг «Умут булаги» (2022-йилнинг июль ойида ёпилган) ва «Эне-балага тирек»  жамоатчилик фондлари ҳам қайд этилганини, сайлов жараёни вақтида эса бу ерда Садир Жапаровнинг штаби жойлашганини айтишмоқда. 

Солиқ кодексининг 107-моддасига кўра, сиёсий ёки маъмурий хизмат ўринларини эгаллаб турган одам солиқ хизматига умумий декларация топшириши шарт.